Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бизнес Узбеки» гуруҳининг сири фош этилди

«Бизнес Узбеки» гуруҳининг сири фош этилди

ИИВ Киберхавфсизлик маркази интернет мониторинги давомида, жорий йилнинг 13 июлида «Фейсбук» ижтимоий тармоғида «Бизнес Узбеки» номли гуруҳда «отправлю любому эту сумму на пластик. Зачисление на счёт 31.000.000 сум» мазмунида хабар жойлаштирилганлиги аниқланди.

Ушбу хабарга 23 та «лайк» ва 1 та изоҳ қолдирилган, саҳифа яратувчиси ва фойдаланувчисини аниқлашнинг техник имконияти мавжуд эмас.

Ўрганиш давомида, мазкур хабар остида «Присоединяйтес!» номи билан мавжуд бўлган «Телеграм» мессенжеридаги «3аработок в Узбекистане» каналига ўтилди.

Ушбу канал 10.03.2022 йилда яратилган, 3.847 нафар обуначиси бор, каналда 524 та фотосурат, 57 та видолавҳа, 150 та веб-манзил, 40 та аудио-хабар мавжуд, фақат админ (эгаси) рухсати билан кириш мумкин.

«Телеграм» мессенжеридаги «3аработок в Узбекистане» каналида 70 га яқин видео ва аудио файллар ўрганиб чиқилганида, хорижий давлатлар фуқароларининг Parimatch (Париматч) номли тотализатор ўйинини ўйнаб, катта миқдорда пул ютиб олганлиги тўғрисида, рус тилида сўзлаган интервьюлари жойлаштирилганлиги маълум бўлди.

Маълумот учун: «Пари-Матч» букмекерлик компанияси 2018 йилда Россия Федерациясида рўйхатдан ўтган, 2022 йил март ойидан унинг номи «Paribet» деб ўзгартирилган, унинг бир қанча сохта саҳифалари мавжуд бўлиб, улар орқали алдов йўллари билан фуқароларнинг маблағлари қўлга киритилмоқда.

Шунингдек «3аработок в Узбекистане» номли каналда «Пари-Матч» букмекерлик компаниясининг сохта саҳифаларига йўналтирувчи ҳаволалар жойлаштирилган бўлиб, фойдаланувчилар уларга кирган вақтида тўғридан тўғри рўйхатдан ўтиш (ҳеч бир тасдиқлаш коди сўралмайди) имконияти яратилади.

Фойдаланувчиларни тотализатор ўйинларига янада қизиқтириш мақсадида, ушбу сохта ресурслар томонидан 2 млн. сўмдан 20 млн. сўмгача маблағлар ўйин иштирокчиларига «бонус» сифатида берилаётганлиги кўрсатилади.

Мазкур тотализатор ўйинининг сохта саҳифаси орқали ўйин ўйнаш учун фойдаланувчилар томонидан ўзбек сўмида Uzcard ва Humo тўлов тизимлари орқали ҳар бир ставкага энг камида 50 минг сўм пул маблағларини тўлаш мумкин бўлади. Ўйин орқали иштирокчиларга 20 млн. сўмдан 40 млн. сўмгача бўлган маблағларни осонгина ютиб олиш тўғрисида ёлғон эълонлар жойлаштириб борилади.

Тотализатор ўйинидаги ютуқлар фойдаланувчининг саҳифасида онлайн шаклда кўриниб туради, бироқ уларни банк картасига ўтказиб олиш сўралганда, тизим томонидан фойдаланувчи саҳифаси автоматик равишда блокланади ёки унга ютуқ сифатида кўрсатилган пулларни олиш имконияти чеклаб қўйилади.

Ўтказилган тезкор-техник тадбирлар натижасида, «Телеграм» мессенжеридаги «3аработок в Узбекистане» канали администратори сифатида фотосурати ва исми кўрсатилган шахс 1994 йил Тошкент вилоятида туғилган, Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи П.Е. эканлиги, аслида эса унинг ушбу ноқонуний каналга алоқаси йўқлиги, 2022 йил 11 майдан буён Сеул (Ж.Корея) давлатида эканлиги, мазкур телеграм канали эса, Украина давлати ҳудудидан туриб бошқарилаётганлиги аниқланди.

Юқоридагилардан кўринадики, интернетдаги ижтимоий тармоқларда тарқалаётган осон пул топиш билан боғлиқ реклама ва хабарлар фирибгарлар томонидан хорижий давлатлардан туриб тарқатилмоқда ва бу орқали ишонувчан фуқароларни пул маблағларини алдов йўли билан қўлга киритишга уринмоқдалар, дейилади ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг