Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Маҳмудов

Ҳеч қачон ўқиб-ўрганиш учун кеч бўлди деманг!

«Бобофон»нинг ўрнига ота-онамиз учун замонавий смартфон танлаймиз

«Бобофон»нинг ўрнига ота-онамиз учун замонавий смартфон танлаймиз

Ота-онамиз учун замонавий смартфон танлаймиз

Фото: «Xabar.uz»

Смартфон харид қилаётган инсонлар сафи кенгайиб бормоқда, ота-онамиз ҳам бундан мустасно эмас. Улар учун қўлларидаги эскириб қолган, лекин қадрдон «Nokia» дунёдаги энг қулай алоқа воситадай туюлса-да, уларга смартфон совға қилганингиздан кейин бироз вақт ўтгач, сизга албатта миннатдорчилик билдиришади.

Эҳтимол, ота-онангизга интернет тармоғида вақт ўтказиш ёки «Instagram»ни кузатиб бориш ёқмаслиги мумкиндир, бироқ набираларининг расмларини ва фарзандларининг видеохабарларини «Telegram» орқали қабул қилиш уларни хурсанд қилиши аниқ.

Улар учун айнан қандай смартфон мос келишини англаб олсангиз бас. Буни танлашда 5 жиҳатга аҳамият беришингиз лозим.

Дисплей диагонали

Ота-онангизга айнан катта экран танлаганингиз маъқул, тўғри, бошида уларнинг катта экранга одатланиши қийин бўлади. Ҳарфларни хатосиз териш ва барчасини аниқ кўриш учун 4,7 дюймли экран етарли ҳисобланади. Дисплейи 5,5 дюймдан катта бўлган смартфонни харид қилишни эса тавсия этмаймиз. Чунки ушбу гаджетдан бир қўлда фойдаланиш улар учун ноқулайлик туғдиради.

Аккумулятор сиғими

Кўпчилик ота-оналар афсонавий «Siemens»ни ҳафталаб қувватлантирмасдан юриш мумкин деб мағрурланишади. Айнан шунинг учун ҳам уларга катта сиғимли аккумуляторга эга смартфонни танлаш жуда муҳим.

Ҳафталаб қувватлантирмаслик мумкин бўлган гаджет йўқ, албатта. Лекин ҳеч бўлмаганда бир-икки сутка давомида фойдаланишга мўлжалланган смартфонни танлашингиз мумкин. Агар экрани 5 дюймли смартфонни харид қилмоқчи бўлсангиз, аккумулятор сиғими 2500 мА соатдан, 5,5 дюймли бўлса унда 3000 мА соатдан кам бўлмагани маъқул. Батареянинг оптимал сиғими – 4000 мА соат.

Камера

Ота-оналаримиз камерадан унчалик фойдаланмайди деб ўйлашингиз мумкин. Лекин амалиёт шуни кўрсатадики, ўрганиб олиш жуда осон бўлган ушбу восита катта авлод томонидан кўп ишлатилади. Ҳар бир онага ўз фарзандини, невараларини, ҳовлидаги чиройли гулларни ва ҳатто меҳр ила тайёрланган таомни ҳам расмга олиш ўзига хос завқ бағишлайди. Шунинг учун ушбу жиҳатга эътибор беринг. Энг яхшиси, асосий камеранинг суратга олиш қобилияти 8 мегапикселдан кўп, фронтал камераники эса 3 мегапикселдан кам бўлмагани маъқул.

Кўпинча ота-оналаримиз олган расмлар бироз бежалиброқ чиқади, чунки суратга олиш тугмасини босган маҳал телефон қўлда қимирлаб кетиши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун таймерни 2-3 сонияга созлаб беринг. Ушбу вақт расмга олиш объектига смартфонни қаратиш учун етарли ҳисобланади, махсус овозли сигнал эса гаджетни қачон қимирлатмай туришни эслатади.

Амалий (операцион) тизим

Муайян бир амалий тизимни тавсия этиш қийин. Шунинг учун, бутун оила бўлиб янги интерфейсдаги смартфонни ўргангандан кўра, қадрдонларингизга сиз учун интерфейси яхши таниш бўлган смартфондан фойдаланишни ўргатиш анча осон ва қулай ҳисобланади.

Ота-онангизга смартфондан фойдаланишни ўргатаётганда чуқурлашиб кетманг. Шунчаки аввал бу ерга, кейин эса у ерга босиш кераклигини кўрсатиб беринг. Кўрсатмаларни эслаб қолиш осонроқ кечади, нега айнан шундай қилиш кераклигини эса вақти келиб ўзлари англаб етишади.

Корпус материали

Катта авлодга гаджетдан фойдаланишнинг қулай бўлиши муҳим аҳамиятга эга, шунинг учун бўлажак смартфоннинг корпуси пластикли бўлгани маъқул. Бу аслида унчалик муҳим шарт эмас, лекин пластикни алмаштириш осон ва арзондир.

Шунда ҳам танлаган смартфонингизнинг корпуси шиша ёки металлдан ишланган бўлса, шунчаки унинг устига қўшимча ҳимояловчи ғилоф харид қилинг.

Шундай қилиб, ота-онангиз учун идеал смартфон катта ва ёрқин дисплей, юқори сиғимли аккумулятор, ўртача сифатда расмга олувчи камера ва сизники билан бир хил амалий тизимга эга бўлиши керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг