Британиялик шифокорлар дунёда биринчи бўлиб инсонга 3D-принтерда тайёрланган кўз протезини ўрнатишди
Буюк Британия шифокорлари дунёда биринчи бўлиб инсонга 3D-принтерда тайёрланган кўз протезини ўрнатишди. 40 ёшли бемор ўзини яхши ҳис қиляпти, дейилади «Daily Mail» хабарида.
Бемор, лондонлик Стив Верз 20 ёшида ўнг кўзидан ажралиб қолган. Шу ўтган йиллар мобайнида ҳар ярим йилда алмаштириб туриладиган кўз протезларидан фойдаланишга мажбур эди. Мурфилдсдаги офталмологик клиника унга эски протезлари ўрнига кўпроқ ҳақиқий кўзга ўхшаб кетадиган 3D-принтерда тайёрланган протезни ўрнатишни таклиф қилишди.
Янги протез Стивга кўриш қобилиятини қайтармагани билан, ишонч бағишлади. Унинг ўзи эски протезларини ёқтирмаганини, янгиси эса «фантастик даражада»лигини таъкидлаган.
Шифокорларнинг айтишича, янги протез ўрнатиш учун кўз косаси бир марта сканерланади, сўнгра олинган ўлчамлар уч ўлчамли чоп этиш билан шуғулланувчи германиялик мутахассисларга юборилади.
Ҳозиргача беморлар кўз протезларини ўрнатиш учун олти ҳафтагача кутишларига тўғри келарди. Биргина Буюк Британиянинг ўзида тахминан 60 минг нафар киши кўз протезини мунтазам алмаштириб туришга мажбур. 3D-принтерда кўз протезини ясаш муаммога ечим бўлиши мумкин, чунки бундай усулда сунъий кўз тайёрлашга атиги икки соат сарфланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter