Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёда биринчи марта инсон кўзи бошқа беморга кўчириб ўтказилди

Дунёда биринчи марта инсон кўзи бошқа беморга кўчириб ўтказилди

Фото: Reuters

Нью-Йорк жарроҳлари тарихда илк бор кўз трансплантацияси амалга оширишди. Гарчи беморнинг кўриш қобилияти тикланмаган бўлса-да, бу ютуқ деб аталди. NYU Langone Health жарроҳлик гуруҳи маълумотларига кўра, кўчириб ўтказилган кўз 6 ойдан кейин яхши ишлайдиган қон томирлари ва истиқболли тўр пардасига эга эканини кўрсатган.

«Кўзни кўчириб ўтказганимизнинг ўзи асрлар давомида ўйланган, аммо ҳеч қачон амалга ошмаган олдинга ташланган улкан қадамдир», деб изоҳ берган жарроҳлар гуруҳини бошқарган доктор Эдуардо Родригес.

Нашрнинг аниқлик киритишича, шу пайтгача шифокорлар фақат шохпарда – кўзнинг шаффоф олд қатламини кўчириб ўтказишга муваффақ бўлган. Шифокор гарчи кўриш қобилияти тикланмаса ҳам асосий мақсад кўз гавҳарини сақлаб қолиш бўлганини таъкидлаган.

Ҳозирги вақтда трансплантация қилинган кўз мия билан кўриш нерви орқали алоқа қилмаяпти. Родригеснинг фикрича, кўзни кўчириб ўтказиш кўриш қобилиятини тикламаса ҳам, кўплаб янги имкониятларни очади.

«Агар биз кўриш қобилиятини тиклаш ёки кўз қобиғидаги тасвирларни тиклашнинг бошқа усуллари устида ишлаётган олимлар билан ҳамкорлик қилсак, у ҳолда муваффақиятга бир қадам яқинроқ бўламиз», деди Родригес.

Фото: Reuters

Кўз кўчирилган одамнинг исми Аарон Жеймс. У 46 ёшда ва ток уриши оқибатида юзи, бурни, оғзи ва чап кўзи шикастланган эди. Ўнг кўзида кўриш қобилиятини сақлаб қолган Жеймс трансплантация қилинган чап кўзида кўриш қобилиятини тиклай олмаслиги мумкинлигини билган. Унинг сўзларига кўра, шифокорлар бу ҳақда уни олдиндан огоҳлантиришган. Шундай бўлса-да, у илмий мақсадларда ушбу операцияга рози бўлган.

Жеймс кўчириб ўтказилган кўзда кўриш қобилиятини тиклаши мумкин, деб ҳисобламоқда Родригес.

«Айни дамда техник жиҳатдан мураккаб операция ёрдамида эришилган натижадан жуда мамнунмиз», деб хулоса қилди шифокор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг