Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«IMEI-код ўғрилари»: жиноий гуруҳ қандай ҳаракатланган? (видео)

«IMEI-код ўғрилари»: жиноий гуруҳ қандай ҳаракатланган? (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 24 сентябр куни АОКА мажлислар залида IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ масалаларда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида брифинг бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик.

Брифингда Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Қобулов ҳам иштирок этди.

Унинг қайд этишича, бугунги кунда четдан олиб келинган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш учун:

Биринчи ҳолатда, мобил қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш учун тадбиркорлик субъекти (импортиёр) томонидан БЮД асосида олиб кириш — бу ҳолатда, мобил қурилмаларнинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркор томонидан БЮД тақдим этилиши лозим.

Иккинчи ҳолатда, жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини ўзлари кесиб ўтган ҳолда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган божхона чегараси орқали товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган нормаларидан ошмаган миқдорда олиб кирилган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтганлигини тасдиқлаши лозим.

Бунда ҳам жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар (сана, усул ва бошқа) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан электрон ахборот алмашиш орқали мурожаат этилган сана ва жисмоний шахснинг шахсий идентфикацион рақами қайд этилган ҳолда автоматик текширилади.

Шунингдек, меъёридан ортган қисми бўйича Божхона кирим ордери орқали божхона тўловларини ҳам тўлаш мумкин бўлиб, мазкур маълумотлар ҳам UzIMEI тизимига интеграция қилинган.

Учинчи ҳолатда, жисмоний шахслар номига халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилган мобил қурилмалар фақат Тизим операторига ўзи келиб мурожаат этиш орқали почта идентификаторининг штрих коди ва календарь штемпели бўлган конверт тақдим этилган ҳолда амалга оширилади.

Сўнги вақтларда мобил қурилмаларни Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ижтимоий тармоқларда долзарб мавзуга айланди. Божхона вакили бунга қуйидагича изоҳ берди:

«Гап шундаки, хориждан келган кўплаб фуқаролар ўзлари билан олиб келган мобил телефонларини рўйхатдан ўтказишмоқчи бўлганида, уларнинг номига аллақачон бошқа мобил қурилмалар UzIMEI тизимидан рўйхатдан ўтганлиги кўплаб норозиликларга сабаб бўлаётган эди.

Қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш борасида олиб борилган тадбирлар натижасида рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларнинг номларига ноқонуний йўллар билан рўйхатга қўйиш, шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб, улардан ғаразли ниятларда фойдаланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтишиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган мамлакатимиз фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, «Телеграм» ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни UzIMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган.

Биргина фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ доллардан ҳақ олганлиги маълум бўлди.

Мазкур холат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1412-моддасининг 2-қисми «а» ва «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди», — деди Рустам Қобулов.

Брифингда маълум қилинишича, мобил қурилмалар импорти 2019 йилнинг 1 январь – 15 сентябрь даврида 58 810 тани (4,6 млн. долл.) ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 451 039 та (29,8 млн. долл.) ташкил этди.

«Давлат бюджетига 2019 йилнинг ушбу даврида 8,7 млрд сўм, жорий йилда эса 72,6 млрд. сўм ундирилди, яъни ўтган йилган нисбатан 63,9 млрд. сўмга кўп.

Бир сўз билан айтганда, мазкур тизим тўлиқ амалиётга жорий этилгандан сўнг 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 15 сентябрга қадар 911 882 та (47,3 млн. долл.) импорт қилинган бўлиб, давлат бюджетига
100,1 млрд. сўм ундирилган.

Жорий йилда жами 4,9 млрд. (2019 й. 6,2 млрд.) сўмлик 7 484 та (2019 й. 7691 та) уяли алоқа воситаларининг ноқонуний олиб ўтиш ҳолатлари аниқланди», — дея қайд этди божхона вакили.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг