LG телевизори борлар эҳтиёт бўлинг: телевизор сизни кузатяпти
LGнинг ақлли телевизорлари бўйича ўтказилган янги тадқиқот қурилмаларнинг махфийлик ва киберхавфсизлик имкониятлари юзасидан жиддий саволларни келтириб чиқарди.
Тадқиқотчилар телевизорнинг тармоқ фаолиятини Wireshark орқали таҳлил қилиб, қурилма маҳаллий тармоқдаги бошқа ускуналарни аниқлаши ва улар ҳақида маълумот тўплаши мумкинлигини қайд этди.
Синовлар давомида телевизор экрани ўчирилган пайтда ҳам микрофон орқали аудио ёзиши аниқланган. Интернет алоқаси узилганида ҳам ёзув қурилма хотирасида сақланиб, тармоқ қайта тикланганидан кейин унга мурожаат қилиш имкони мавжуд.
Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, тадқиқотчилар LG телевизорлари уйдаги маҳаллий тармоқни сканерлаб, унга уланган смартфон, ақлли соат ва бошқа қурилмаларни аниқлаши, шунингдек, яқин атрофдаги Wi-Fi тармоқлари номи ва сигнал кучини қайд этиши мумкинлигини аниқлашган.
Бу маълумотлар LGнинг телевизорлардаги автоматик контентни таниш технологияси билан боғлиқ махфийлик масалаларини ҳам яна кун тартибига олиб чиқди. RTINGS тадқиқотида LG G5да ACR тизими телевизорнинг ўз иловаларидагина эмас, HDMI ва USB орқали намойиш этилган контент билан ишлаганда ҳам фаол маълумот алмашинувини амалга ошириши қайд этилган.
Бироқ тадқиқот натижаларини барча LG телевизорлари доимий равишда яширинча суҳбатларни ёзиб, компания серверларига юбормоқда, деб талқин қилиш тўғри эмас. Мутахассислар айрим аудио ёзиш синовлари қурилма устидан назорат ўрнатилган ҳолатда амалга оширилганини таъкидлашмоқда.
LG эса аввалроқ телевизорлари атрофдаги суҳбатларни тўпламаслиги, ёзиб олмаслиги ва сақламаслигини билдирган эди. Компания овозни таниш функцияси фойдаланувчи томонидан ихтиёрий равишда ишга туширилишини таъкидлаган.
Шунга қарамай, янги тадқиқот ақлли телевизорларни оддий маиший техника эмас, балки микрофон, тармоққа уланиш ва маълумот тўплаш имкониятига эга бўлган интернет қурилмаси сифатида қабул қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Яъни, телевизор экрани ўчирилганда ҳам сизни кузатаверади. Асосий масала эса энди унинг нимани кўраётгани ёки эшитаётганида эмас, бу маълумотлар устидан ким назорат қилаётганида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter