Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда «Beeline Academy» очилди

Ўзбекистонда «Beeline Academy» очилди

3 октябрь куни Тошкентда жойлашган «Tashkent International University of Education» (TIUE)да Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқлари учун IT-мутахассисларини тайёрлашга қаратилган Beeline Академияси очилди.

«Beeline Academy» Ўзбекистоннинг ёш фуқароларига ҳам онлайн, ҳам сиртқи таълим платформасидан фойдаланиш имкониятини беради. Хусусий ва давлат ташкилотлари маълумотларини эҳтимолий таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш учун киберхавфсизлик бўйича мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Илк босқичда Beeline Uzbekistan IT-касбларини оммалаштириш ва Ўзбекистон ёшларини мамлакат иқтисодиётини рақамлаштиришда бевосита иштирок этувчи соҳаларга жалб этишга қаратилган лойиҳага 150 минг доллар сармоя киритди. Университет билан ҳамкорлик янги уфқларни очади ҳамда IT-мутахассисларни тайёрлаш тизими платформасини яратишга имкон яратади.

TIUE — Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг реал сектори эҳтиёжлари учун ахборот технологиялари, таълим ва бизнес бошқаруви йўналишлари учун олий маълумотли юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган Ўзбекистондаги хусусий олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, «Beeline Academy» билан ҳамкорликда республика бўйлаб иқтидорли ёшлар учун курслар ва тренинглар ўтказиш мақсадида ўқитувчиларни тайёрлаш режалаштирилган.

Носир Хўжаев, TIUE ректори: «Таълим соҳаси ҳар доим ҳам меҳнат бозорининг талаблари ва янги технологияларнинг пайдо бўлиши билан мос келавермайди. Шу боис рақамли лойиҳаларни амалга оширишда ва IT соҳасида кенг тажрибага эга йирик корхоналарнинг иштироки жуда муҳим. Биз Beeline Uzbekistan'га университетимиз негизида шундай улкан лойиҳани яратгани учун миннатдорчилик билдирамиз. Ишончим комилки, «Beeline Academy» битирувчилари ахборот технологиялари соҳасида энг муваффақиятли ва катта талабга эга мутахассислар қаторига қўшилади».

Анджей Малиновски, Beeline Uzbekistan бош директори: «Ёшларга сифатли таълим бериш ва рақамли технологиялар соҳасида корпоратив маданиятни шакллантириш компаниянинг digital-оператори бўлиш жараёнида муҳим вазифага айланади. Биз ўз олдимизга EduTech йўналишида ҳам етакчи бўлишни мақсад қилганмиз. «Beeline Academy» ишга туширилиши бу йўналишдаги муҳим қадамдир. Янги таълим платформаси ёш истеъдодларни ўқитиш имкониятларини яратиб, уларга IT, киберхавфсизлик ва сунъий интеллект соҳасида илғор билим ва кўникмаларни эгаллаш имконини беради. Шунингдек, келгусида ҳамкорлик қилиш учун талабалар орасидан энг иқтидорлиларини топиб, уларга ҳамкорлик таклиф қиламиз».

«Beeline Academy» лойиҳасининг муҳим жиҳати ўқув хоналарини тайёрлаш ва жиҳозлашдан ташқари, ўқув жараёнининг ажралмас қисмига айланадиган ўзининг интерактив видеостудиясини яратишдир. Студия доирасида талабалар ва ўқитувчилар масофавий таълимни такомиллаштириш, виртуал видеодарсларни ишлаб чиқиш, вебинарлар ва видеоконференциялар ўтказиш, таълим жараёнини янада қулай ва интерактив қилиш учун юқори сифатли видеоконтент яратишга ёрдам берадиган илғор технологиялардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Очилиш кунида таркибига Beeline Uzbekistan кирувчи VEON Group бош директори Каан Терзиоглу жонли эфирда Beeline Академияси талабаларига мурожаат қилди: «Ўзбекистондаги амбицияларимиз ҳақида гапирганимизда, бошиданоқ бизнинг битта асосий мақсадимиз бор эди, бу — Ўзбекистонни минтақанинг IT-марказига айлантириш. Бу соҳада иқтидорларли ёшларни ривожлантириш мамлакатнинг глобал рақамли иқтисодиётга интеграциялашувига ёрдам беради. Мен бу жараённинг бир қисми эканлигимдан фахрланаман. Келажакда сизнинг вазифангиз маълумотларни қайта ишлаш, дастурий таъминотларни яратиш ва сунъий идрокни самарали жорий этиш бўлади. Сизга «Beeline Academy»да ажойиб тажриба орттиришингизга тилакдошман ва Beeline Академияси биз Ўзбекистонда яратаётган мероснинг бир қисми бўлишини истайман».

«Beeline Academy» лойиҳаси талабаларнинг ахборот технологиялари бўйича университет ўқув дастури доирасидаги дарслар билан бир қаторда сўнгги амалий машғулотлар дастурларига ҳам кириш имкониятини оширади.

***
«Unitel» МЧЖ 2006 йилнинг 12 сентябридан бошлаб «Beeline Uzbekistan» савдо белгиси остида хизматлар кўрсатиб келмоқда. Beeline Uzbekistan бош қароргоҳи Амстердам шаҳрида (Нидерландия) жойлашган VEON халқаро телекоммуникация холдинги таркибига киради

VEON олтита жадал ривожланиб бораётган мамлакатда 160 миллиондан зиёд фойдаланувчиларга эга глобал телекоммуникация ва интернет хизматларининг провайдери. Унинг акциялари NASDAQ ва Euronext Amsterdam фонд бозорларида жойлаштирилган.

Beeline Uzbekistan'да 1.6 мингга яқин ходим ишлайди. 2006 йилдан буён Ўзбекистон бозорига кириши билан VEON мамлакат телекоммуникация соҳасига 1.4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритди. «Unitel» МЧЖ — Ўзбекистоннинг йирик солиқ тўловчи компанияларидан бири. Beeline SB’нинг Ўзбекистондаги фаолияти давомида 2 миллиард долларга яқин солиқ тўланган.

Сайт: beeline.uz
Facebook: @beeline.uz
Instagram: @beeline_uzbekistan
Telegram: @beelineuzbekistan
Twitter: @beeline_uz
LinkedIn: @beeline-uzbekistan

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг