Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Павел Дуров Парижда ҳибсга олиниши бўйича ўз муносабатини билдирди

Павел Дуров Парижда ҳибсга олиниши бўйича ўз муносабатини билдирди

Telegram мессенжери асосчиси ва раҳбари Павел Дуров ўтган ойнинг 25-санасида Париж аэропортида ҳибсга олинган ва унга нисбатан 12 моддадан иборат айблов қўйилган эди.

Кейинроқ Дуров гаров эвазига қўйиб юборилган.

Мессенжер эгаси ўзининг расмий каналида илк марта Францияда ҳибсга олингани юзасидан расмий муносабатини билдирди.

«Мен Парижга келганимдан кейин 4 кун давомида полиция сўроқ қилди. Франция расмийлари Telegram’дан бошқаларнинг ноқонуний фойдалангани учун шахсан жавобгар бўлишим мумкинлигини айтишди», – дейди бундан ҳайратланганини қўшимча қиларкан Павел Дуров.

«Telegram’нинг Европа Иттифоқида расмий вакили бор, у Европа Иттифоқи сўровларини қабул қилади ва уларга жавоб беради. Унинг электрон почта манзили ҳар бир киши учун очиқ эди.

Франция ҳукумати мен билан боғланиш ва ёрдам сўрашнинг кўп усулларига ҳам эга эди. Франция фуқароси сифатида мен Дубайдаги консулликка тез-тез бориб турар эдим. Бир мунча вақт олдин, мендан сўралганда, мен уларга Францияда терроризм таҳдидига қарши курашиш учун Telegram махсус платформасини яратишда шахсан ёрдам берганман.

Агар мамлакат Интернет хизматидан норози бўлса, одатда, хизматнинг ўзига нисбатан қонуний чоралар кўрилади. Бош директорни у бошқараётган платформада учинчи шахслар томонидан содир этилган жиноятларда айблаш учун смартфон яратилишидан олдинги қонунлардан фойдаланиш нотўғри ёндашув», – деб ёзади у.

Дуров, шу билан бирга, Telegram фойдаланувчилари сони 950 миллионга етгани, обуначиларнинг кўпайиши эса ўз-ўзидан жиноятчиларнинг платформадан суиистеъмол қилиши ҳолатларини кўпайтирганини, келгусида эса бу каби ҳолатларнинг олдини олишни мақсад қилганини таъкидлайди.

«Умид қиламанки, август воқеалари Telegram ва умуман ижтимоий медиа соҳасини хавфсизроқ ва кучлироқ қилади», – дейди Павел Дуров.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг