Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Телекоммуникация хизматлари фойдаланувчилари учун қулайлик яратувчи ҳужжат рўйхатга олинди

Телекоммуникация хизматлари фойдаланувчилари учун қулайлик яратувчи ҳужжат рўйхатга олинди

«Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги норматив-ҳуқуқий ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинди. Бу ҳақда АКТ вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Республикамизда ахборот-коммуникация тармоғини ривожлантириш ва рақамли иқтисодиётни барпо этиш борасида мазкур соҳада замонавий қонунчилик базани яратиш энг асосий негизларидан бири ҳисобланади. Бу йўналишда мавжуд бўлган қонуний ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бугунги кун талабларига ва норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан «Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари» норматив-ҳуқуқий ҳужжати ишлаб чиқилди ва Вазирликнинг 2020 йил 30 июндаги буйруғи билан тасдиқланди. Ушбу ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июн куни давлат рўйҳатидан ўтказилди.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат илғор маҳаллий ва ҳалқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилиб, республикадаги телекоммуникация хизматлари фойдаланувчилари учун қулайлик яратади ва ахборот-коммуникация соҳасини ривожлантиришга янада туртки беради. Мазкур ҳужжатнинг энг муҳим жиҳати ва афзалликларига тўхталиб ўтсак.

Биринчидан, мазкур Қоидалар унификациялашган ва такомиллаштирилган лойиҳа ҳисобланиб, ўз ичига АКТ соҳасида фаолият кўрсатишда қатор муҳим масалаларни инобатга олган: лицензиялаш, тадбикорлик фаолиятининг эркинлигини таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шахсга доир маълумотлар масалалари ва бошқалар акс этган.

Бу эса, ўз навбатида, бозордаги хизмат кўрсатувчи профессионал иштирокчилар ва абонентлар учун қулайлик яратиб беради, шу билан бирга қонуний жиҳатдан ҳам иш юритишни осонлаштиради, ягона қоида ва талаблар асосида ҳаққоний қарорларни қабул қилишга замин яратади.

Иккинчидан, мазкур ҳужжат замонавий талаблардан келиб чиқиб ўз ичига долзарб ўзгариш ва қўшимчаларни қамраб олган. Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасида телекоммуникация хизматларини кўрсатиш тартиблари, хизматлар турларига қараб, 1996 – 2018 йиллар оралиғида қабул қилинган 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 17 та уларга киритилган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар билан тартибга солинган эди. Мазкур ҳужжатлар ўтган даврда техника ва технологияларнинг ҳамда соҳадаги бизнес юритиш имкониятларининг ривожланишига мутаносиблигини йўқотган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қонунчилигидаги ўзгаришларни тўлиқ қамраб олмай қолган эди.

Халқаро тажриба аксарият ҳолатларда телекоммуникация хизматларини кўрсатиш ягона ҳужжат билан тартибга солинишини ва ушбу тажрибанинг қатор ижобий жиҳатларини намоён қилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида телекоммуникация хизматларини кўрсатиш йўналишига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиб, мавжуд хизмат турлари янгиланди ва замонавий хизмат турлари киритилди. Янги хизмат турларидан мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш хизматларини тақдим этиш тартиблари белгиланди.

Мазкур норматив ҳужжат еттита бўлим ва 391 та моддадан иборат бўлиб, унда телекоммуникация соҳасига оид атамалар ва таърифлар кўрсатилган, телекоммуникация хизматларини, жумладан, телефон, телеграф, мобил, интернет алоқаси, телевидение, ахборот-маълумот, қўриқлаш хизматларни тақдим этиш тартиби, оператор, провайдер ҳамда фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартномавий муносабатлари батафсил кўрсатилган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжат АКТ соҳасида ягона қоидаларни белгилаган ҳолда, мазкур соҳани янада ривожлантиришда мустаҳкам асос солади. Энг муҳими, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи операторлар, провайдерлар, дилерлар ва эшиттирувчилар билан фойдаланувчилар ўртасидаги телекоммуникация хизматлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг