31 март – Туркия сиёсий ҳаётида муҳим кун

31 март, якшанба куни Туркияда маҳаллий ҳокимият органлари сайлови бўлиб ўтади. Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси бошлиғи Фахриддин Алтун эртанги овоз бериш тадбири нафақат миллий, халқаро миқёсда ҳам аҳамиятли ҳодиса эканини айтади.
«1946 йилда кўппартиявийлик жорий қилинганидан бери Туркия мунтазам, адолатли ва шаффоф сайловлар ўтказиладиган мамлакатлар рўйхатининг бошида келмоқда. Мамлакатимизда сайловлар Олий сайлов кенгаши (YSK) каби муассасалар орқали мустақил судьялар назорати остида ўтказилади. Бинобарин, Туркия сайлов хавфсизлиги ва фуқароларнинг сайлов жараёнига ишончини таъминлаш нуқтаи назаридан илғор сиёсий маданиятга эга», – дейди профессор Ф.Алтун.
Коммуникация бошқармаси бошлиғига кўра, мамлакатда сайлов ва овоз бериш жараёнига ишончни электорат иштироки кўрсаткичида ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2023 йил 14 май куни бўлиб ўтган президентлик ва парламент сайловларида давомат 88,92 фоизни ташкил қилган. Бу эса Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) давлатлари орасида сайловда қатнашиш даражаси бўйича учинчи натижадир.
«Халқнинг талаб ва эҳтиёжларини қондиришда бирламчи босқич бўлган маҳаллий ҳокимликлар замонавий стандартларга мос дунёқараш ва истиқболга эга бўлишини таъминлашга катта эътибор қаратаётганимизни алоҳида таъкидламоқчиман. Бу жараён халқнинг демократик фаоллиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан мулоқотини кучайтиришда катта аҳамият касб этаётгани аён ҳақиқатдир», – дейди расмий мулозим.
Таъкидланишича, Туркияда кўп йиллардан буён амалда бўлган инновацион муниципалитет ёндашувининг ўзига хос жиҳати шундаки, у технология ва барқарор ривожланиш лойиҳалари билан бир қаторда аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш, шаффофлик ва ҳар қандай шароитда жавобгарликни ҳис этишга асосланган. Қолаверса, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон илгари сурган хизмат сиёсати ва қарашлари муниципалитетларнинг асосий низомини ташкил этади.
Эртанги умуммиллий муниципал сайловнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, мамлакатда кейин 4 йил ичида бошқа сайлов бўлмайди.
Коммуникация бошқармаси раҳбарига кўра, келгуси тўрт йилда Эрдўғон бошчилигида тараққиёт ташаббусларини давом эттириш, хусусан, «Туркия асри» ғояларини рўёбга чиқариш асосий вазифа бўлади. Бундан ташқари, Туркий давлатлар ташкилоти мақомини янада оширишга эътибор қаратилади.
«Туркия бундан кейин ҳам сайловларни демократик тамойиллар доирасида ўтказади. Амалдаги ҳукумат ҳам, мухолифат ҳам сайлов натижаларига бирдек ҳурмат билан қарайди ва энг муҳими халқаро майдонда барқарорлаштирувчи куч сифатида «Туркия асри»ни барпо этишда давом этади. Шу боис ҳам маҳаллий бошқарув органларига сайловларни ички ва ташқи динамикаси жиҳатидан Туркиянинг келажакдаги ўн йиллик марраларига элтишга қодир бир сайлов деб аташ мумкин», – деб хулоса ясайди профессор Фахриддин Алтун.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter