Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Аккую» ва иқлим мақсадлари: Туркия тажрибаси Ўзбекистон учун намуна бўла оладими?

«Аккую» ва иқлим мақсадлари: Туркия тажрибаси Ўзбекистон учун намуна бўла оладими?

фото:https://atommedia.online/

Туркиянинг Мерсин вилоятида қурилаётган «Аккую» атом электр станцияси яқинида ташкил этилган халқаро балиқ овлаш турнири нафақат мусобақа тадбири сифатида, балки экологик ёндашув, очиқ мулоқот ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим воқеа бўлди.

фото: https://atommedia.picvar

Турнир доирасида Мугла Ситки Кочман университети (Muğla Sıtkı Koçman Üniversitesi) ҳузуридаги Экологик муаммоларни ўрганиш ва амалий тадқиқотлар маркази директори, профессор Аҳмет Демирак билан суҳбатлашдик. Унинг таъкидлашича, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жамият ишончи ва тоза энергия манбаларига ўтиш бугунги кунда минтақадаги барча давлатлар учун асосий устуворликларга айланган. Бундан ташқари, бундай очиқ тадбирлар жамоатчилик билан мулоқотни кучайтиради, станция хавфсизлигига бўлган ишончни оширади ва экологик маданиятни ривожлантиради.

Профессорнинг фикрларига кўра, «Аккую» АЭС каби лойиҳалар хавфсизликнинг қатъий халқаро стандартлари ва мунтазам экологик мониторинг асосида бошқарилади. Бу лойиҳа Туркиянинг экологик сиёсат ва иқлим ўзгаришига қарши миллий стратегиясининг ажралмас қисми сифатида кўрилаётгани бежиз эмас.

 — «Аккую» АЭСда углеродсиз энергия ишлаб чиқарилиши Ўрта ер денгизи флора ва фаунасига тушаётган юкни камайтиради, денгиз экотизимларининг қизиб кетиш ва кислотага айланишга нисбатан чидамлилигини оширади, шунингдек, минтақадаги чегараланган ичимлик суви захираларини асрашга ёрдам беради. Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари минтақа бўйлаб тобора кучайиб бораётган бир пайтда, иссиқхона газлари чиқиндисини камайтиришга қодир ҳар қандай тоза энергия манбасини ҳисобга олиш жуда муҳим. Қуруқликда ҳам, денгизда ҳам экотизимларни муҳофаза қилиш ва иқлим мақсадларига эришиш учун қайта тикланувчи манбаларини деярли чиқиндисиз атом электр станциялари билан уйғун ҳолда кўриб чиқиш лозим, — дея таъкидлади профессор Аҳмет Демирак.

Профессор таъкидлашича, Туркия тажрибаси ядро энергетикасини ривожлантираётган кўплаб давлатлар, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам йўл кўрсатувчи модел бўлиши мумкин.

— Ўйлайманки, «Аккую» АЭС лойиҳаси намунавий тарздаги дастурдир. Аввало, бу лойиҳа Туркиянинг экологик сиёсат ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш борасидаги асосий стратегиясининг муҳим таркибий қисми сифатида қаралади. Ядро энергетикасига инвестициялар Ўзбекистон каби мамлакатлар барқарор ривожланиш сиёсати ва глобал стратегияларни уйғунлаштиришда муҳим воситага айланади, — деди профессор.

Профессорнинг таъкидлашича, бундай йирик лойиҳаларда жамоатчилик иштирокини таъминлаш ва назорат жараёнларининг ошкоралигини сақлаш муҳим омилдир.

 — Бу борада энг муҳим жиҳатлардан бири бу хавфсизлик қоидалари ва экологик талабларга риоя этилишини сиёсий ёки тижорий таъсирларсиз назорат қила оладиган, ҳуқуқий ваколатга, техник салоҳиятга ва молиявий мустақилликка эга бўлган махсус назорат органини ташкил этишдир. Атроф-муҳит мониторинг дастурлари тўлиқ ошкоралик асосида олиб борилиши керак. Ушбу жараёнга маҳаллий аҳоли, олимлар ва нодавлат ташкилотлар фаол манфаатдор томонлар ва тенгҳуқуқли иштирокчилар сифатида жалб этилиши шарт, — дейди профессор Демирак.

Олим сўзларига кўра, минтақадаги давлатлар олдида танлов аниқ: иқлимга дўстона энергетикага ўтиш ёки иқлим инқирозининг оқибатлари билан тўқнаш.

— Туркиянинг ядро ва қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги янги қараши бошқа давлатлар учун йўл харитаси вазифасини ўтамоқда. Менинг фикримча, қайта тикланувчи энергия манбалари ва деярли чиқиндисиз ядро технологияларини уйғун ҳолда қўллаш — бу келажак энергетикаси учун энг самарали моделлардан биридир, — деб хулоса қилди профессор.

Зарифа Тожиева суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг