Анқарада НАТО саммити бошланди
Туркия пойтахти Анқара шаҳрида НАТОнинг икки кунлик саммити бошланди. Анжуманга НАТОга аъзо 32 давлат раҳбарлари, шунингдек, Украина, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Янги Зеландия ва Европа Иттифоқи вакиллари таклиф этилган. Саммитнинг очилиши муносабати билан Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған президент саройида иштирокчилар шарафига расмий кечки қабул уюштирди.
Саммитнинг асосий ишчи йиғилишлари бугун, 8 июл куни бўлиб ўтмоқда. Унда Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттириш, Европанинг мудофаа қобилиятини кучайтириш ҳамда НАТО мамлакатлари ўртасида мудофаа харажатларини ошириш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, альянснинг кейинги йиллар учун устувор вазифалари белгилаб олинади.
НАТО бош котиби Марк Рюттенинг таъкидлашича, сўнгги 18 ой давомида Европа давлатлари ва Канада мудофаа ҳамда хавфсизлик соҳасига ажратилаётган маблағларни сезиларли даражада оширган. Ҳозирда уларнинг мудофаа харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 4 фоизига етган.
Саммитдаги асосий масалалардан яна бири АҚШнинг НАТО олдидаги мажбуриятлари бўлиб қолмоқда. АҚШ Президенти Дональд Трамп Анқарага келгач, айрим Европа давлатларини Эронга қарши операцияларда Вашингтонни қўллаб-қувватламагани учун танқид қилди ҳамда НАТО фаолиятидан «жуда ҳафсаласи пир бўлганини» айтди. Шу билан бирга, у Европа давлатлари мудофаа соҳасига кўпроқ маблағ ажратиши лозимлигини яна бир бор таъкидлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter