Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ дипломатларининг сирли равишда касалланиши сабаби маълум бўлди

АҚШ дипломатларининг сирли равишда касалланиши сабаби маълум бўлди

АҚШнинг Кубадаги элчихонаси.

Фото: “AFP”

Куба ва Хитойдаги фаолияти давомида сирли равишда турли хасталикларга чалинган АҚШ дипломатларига доир хулосалар эълон қилинди. АҚШ миллий фанлар академияси мутахассисларига кўра, дипломатларга юқори частотали нурланиш воситасида акустик ҳужум амалга оширилган.

2016-2017 йилларда АҚШнинг Куба пойтахти Ҳавана шаҳридаги элчихонасида фаолият юритган 40 нафар ходимда ноодатий касаллик асоратлари намоён бўлган. Айрим дипломатларнинг қулоғи остида кучли шовқин эшитила бошлаган, айримларининг қон босими кўтарилиб, боши оғриган, яна айримларининг кўриш ва ақлий қобилиятида бузилишлар, уйқусизлик қайд этилган.

АҚШ Давлат департаменти бунга жавобан Куба фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатган ва дипломатик ваколатхонанинг 60 фоиз ходимини чақириб олган.

2017 йили Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида фаолият юритаётган дипломатларда ҳам айни шундай кўнгилсиз ҳолатлар кузатилган. Хасталик асоратлари узоқ вақт давом этган.

Дипломатларнинг сирли равишда касалланиши юзасидан турли сабаб ва тахминлар айтилаётган эди. АҚШ олимлари бир йиллик тадқиқотлардан кейин «бу нурланиш оқибати» деган хулосага келди. Дипломатлар қасддан уюштирилган ҳужум қурбони бўлганми ёки бу шунчаки тасодифми – бу борада якуний хулоса айтилганича йўқ. Аммо беморларни даволаш жуда қийин кечаётгани аниқ.

2017 йили Associated Press ахборот агентлиги дипломатлар қулоғи остида янграган шовқин ёзувини эълон қилди. Жабрланувчилар чигиртканинг чириллашини ёдга солувчи шовқинни тинглаб, уларни безовта қилаётган овоз айнан шу эканини тасдиқлаганлар. 

NBC телекомпаниясига кўра, АҚШ махсус хизмати акустик ҳужум Москва томонидан уюштирилган деб ҳисоблайди.

Қайд этилишича, Марказий разведка бошқармаси (МРБ) Россия вакилларининг телефон орқали сўзлашувлари ва ёзишмаларига асосланиб шундай хулосага келган. Шунингдек, АҚШнинг Ҳаванадаги элчихонаси биноси яқинида Россия махсус хизматининг юқори частотали қуролларга алоқадор бўлган ходимлари ҳаракати кузатилган.

2017 йил декабрь ойида МРБнинг юқори мартабали вакили Марк Полимеропулос Москвага ташриф буюрган. Сафар ва учрашувлар асносида жосуслик идораси вакилида ҳам бош айланиши ва қулоқ остида кучли шовқин каби хасталик аломатлари пайдо бўлган. М.Полимеропулос сафарни бекор қилиб ошиғич равишда Қўшма Штатларга қайтган. Кейинроқ хасталик сабаб у ҳатто истеъфо беришга мажбур бўлган. М.Полимеропулос ҳам Россия махсус хизматининг ҳужуми қурбони бўлганини маълум қилган.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг истеъфодаги генерали Александр Михайлов америкалик ҳамкасби М.Полимеропулоснинг хасталанишига мавсумий об-ҳаво ўзгариши сабаб бўлгани, нур ёрдамида ҳужум ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини билдирган.

Куба Давлат кенгаши раиси Мигель Диас-Канель ҳам акустик ҳужумга Москва ҳамда Ҳавананинг алоқадорлигини рад этган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг