Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Европани Россиянинг яширин режасидан хабардор қилди

АҚШ Европани Россиянинг яширин режасидан хабардор қилди

Фото: Tim Mcdonagh

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) Испания, Франция, Италия каби Европа давлатларини Россиянинг махфий режасидан воқиф қилди. Euronews телеканали Испаниянинг El Mundo нашрига таяниб хабар беришича, Россия савдо кемаси ниқобидаги кемалардан жанговар дрон учириш орқали Европа давлатларига ҳужумлар уюштирмоқчи.

Европа давлатларида таҳлика ва саросима уйғотиш учун Россия “Гербера” русумли дронлардан фойдаланмоқчи. Узунлиги 2 метр, вазни 18 килони ташкил этувчи ушбу дронлар 600 километрга қадар масофага учиб боради. Ушбу кичик қурилмалар ёнғин чиқариш, аэропортларда бошбошдоқлик юзага келтиришга кифоя қилади.

Россия бунга қадар дронлар орқали Швеция ҳамда Германияга ҳужум уюштиргани маълум.

Таҳлилчиларга кўра, Россия Испания каби замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига эга бўлмаган давлатларга ҳамла қилиш орқали Европанинг заиф нуқтасини билишини намойиш этмоқда.

Қолаверса, Испания, Франция ва Италияда 2027 йилда сайлов бўлиб ўтади. Москва яширин ҳужумлар орқали Украинани қўллаб-қувватловчи сиёсий партияларни заифлаштиришни ҳам кўзламоқда.

Сўнгги вақтларда Россия ва Европа давлатлари ўртасидаги таранглик тобора кучаймоқда.

Жорий йил июль ойида Германия контрразведка хизмати – Конституцияни қўриқлаш бўйича федерал идора (BfV) Бавария ҳудудидаги олимларнинг дронлар бўйича ихтиролари Россия махсус хизмати нишонига айлангани ҳақида баёнот берди.

Июнь ойида Польша разведка идораси раҳбари Павел Шота Россия Федерацияси НАТО давлатларига нисбатан провокацион ҳаракат содир этиб, вазиятни издан чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Кремль Россиянинг Европа ва Шимолий Атлантика альянси давлатларига ҳужум қилиш нияти йўқлигини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ Европанинг бир қатор давлатлари расмийлари ва разведка хизматлари, жумладан, Германия мудофаа вазири Москва ҳужумга ҳозирлик кўраётганини айтмоқда. 

2025 йил 12-16 сентябр кунлари Россия Беларус билан ҳамкорликда “Запад-2025” стратегик ҳарбий ўқувини ташкил этди. Ҳарбий разведка бўйича таҳлилчи Ребекка Коффлернинг ёзишича, Россия армияси мазкур машғулотларда тактик ядро қуролини ишга солишни ҳам машқ қилди. Жараёнга ҳарбий форма кийган Путин бошчилик қилди.

Таъкидланишича, Россия ҳам, Ғарб ҳам ядро урушини истамайди, аммо тобора қалтис тус олаётган вазият ядро уруши эҳтимоли ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ эканидан далолат беради.

Мюнхен халқаро конференцияси раҳбари Кристоф Ҳойсген Россия президенти Владимир Путин ҳарб майдонида Украинани мағлуб этгудек бўлса, НАТОга қарши уруш очади, деб ҳисоблайди.

Германия федерал разведка хизмати раҳбари Бруно Кал ҳам Ғарб давлатлари ўз мудофаа қобилиятини ошириш борасида қатъият кўрсатмаса, Москва ҳужуми қаршисида ожиз қолишидан огоҳлантирган.

Олдинроқ Америкадаги Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) Болтиқбўйи мамлакатлари Кремлнинг Украинадан кейинги нишони бўлади деган тахминни илгари сурган эди.

Литва ҳам Россия Европа Иттифоқи давлатларига қарши ҳужумларни янада кучайтириши мумкин деб ҳисоблайди.

Москва таҳдиди кучайиши фонида ЕИ дипломатлари Россияга қарши санкцияларни уч йилга узайтиришга келишиб олди. Илгари чекловлар ҳар олти ойда узайтирилар эди. Эндиликда ЕИ санкциялари 2029 йилгача амал қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг