АҚШ ва Эрон яна ўзаро зарбалар алмашди
АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик янада кучайиб, томонлар навбатдаги ҳарбий зарбаларни амалга оширди.
Пентагон маълумотига кўра, АҚШ тўққизинчи кеча кетма-кет Эрон ҳудудидаги ҳарбий нишонларга ҳаво зарбалари берди. Ҳужумлар давомида қўмондонлик марказлари, ҳаво мудофааси тизимлари, соҳил кузатув объектлари, денгиз кучлари, шунингдек, ракета ва дрон учириш майдонлари ҳамда алоқа марказлари нишонга олинган.
АҚШ президенти Доналд Трамп зарбалар америкалик уч ҳарбийнинг ҳалок бўлишига жавоб тариқасида амалга оширилганини билдириб, мамлакат Эронга қарши амалиётларни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.
Бунга жавобан Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий объектларига зарба берганини маълум қилди. Теҳроннинг билдиришича, Қувайтдаги АҚШ ҳарбий объектлари, жумладан эрта огоҳлантириш радиолокация тизими ва «Али Ал-Салем» авиабазасидаги дронлар ангари нишонга олинган. Қувайт Қуролли кучлари эса мамлакат ҳаво мудофааси тизимлари ҳужумларни қайтарганини маълум қилди.
Шу билан бирга, Баҳрайнда ҳам эҳтимолий ракета ҳужуми хавфи сабабли ҳаво ҳужуми сиреналари ишга туширилди.
АҚШ дипломатик ечимга тайёрлигини билдирмоқда, аммо Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги ҳаракатлари фонида Эрон аввалги келишув шартларини бажаришни тўхтатганини маълум қилган. Бу эса минтақадаги вазият янада кескинлашиши мумкинлигидан дарак бермоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter