Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Айсбергнинг кичкина бўлаги устида ухлаётган айиқ тасвири қалбларни ларзага солди

Айсбергнинг кичкина бўлаги устида ухлаётган айиқ тасвири қалбларни ларзага солди

Фото: Nima Sarikhani/Wildlife Photographer of the Year

Шпицберген соҳилидаги Арктика денгизидаги айсбергнинг қолдиғи устида ухлаётган ёш оқ айиқнинг юракни эзувчи тасвири ростдан барчани огоҳликка чорлаётгандек. Ушбу таъсирли кадрни британиялик ҳаваскор фотограф Ним Сарихани олган, деб ёзади  Live Science нашри.

Бу манзара Шимолий қутбдан 800 километр узоқликда, Шимолий қутб доирасининг чуқурлигида жойлашган Норвегиянинг Шпицберген архипелагига яқин жойда фотограф томонидан тасвирга олинган.

Сарихинининг айтишича, у экспедиция аъзолари билан оқ айиқларни топишга ҳаракат қилган. Уч кунлик умидсиз қидирувдан сўнг кема йўналишини ўзгартирди ва жануби-шарққа ҳаракатланади. Айнан шу ерда экипаж аъзолари иккита оқ айиқни пайқади. Тун яримлашидан олдин  фотограф ёш айиқнинг сузиб кетаётган майда айсбергга чиқиб, панжалари билан ўзига «тўшак» ўйганини, кейин ухлаб қолганини кузатади.

Кейинчалик Сарихини «Муз тўшак» деб номланган тасвирни ёввойи табиат ҳақидаги сурат танловига тақдим этади ва ғолиб бўлади.

Табиат тарихи музейи директори Дуглас Гуррнинг сўзларига кўра, Ним Сарихининг ушбу сурати сайёрамизнинг гўзаллиги, нозиклиги ва шу билан бирга хавф остида эканини яна бир бор эслатади. Иқлим ўзгариши бугунги кунда қутб айиқларининг ёввойи табиатда омон қолиши учун энг катта таҳдидлардан бири ҳисобланади, чунки Ернинг исиши совуқ ҳаётга ўрганган ҳайвонлар учун зарур бўлган денгиз музларини эритади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда табиатда бор-йўғи 26 000 та қутб айиқлари қолган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг