Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бағдодда ҳаммаёқ тинч... эмас!

Бағдодда ҳаммаёқ тинч... эмас!

Фото: «Reuters»

Ироқ пойтахти Бағдодда норозилик намойишларининг янги тўлқини бошланди. Жаҳон ахборот агентликлари хабарига кўра, намойишчилар пойтахтнинг асосий кўчаларини тўсиб, ҳаракатни тўхтатган.

Ўн минглаб ироқликларни кўчага чиқиш мажбур этаётган муаммолар – ишсизлик ва коррупция. Намойишчилар ҳукуматдаги ўғри ва коррупционерлар истеъфо бермагунча норозилик акцияси давом этишини эълон қилган.

Фото: AFP

Ироқда норозилик намойишлари октябрдан буён танаффуслар билан давом этмоқда. Октябрда ҳукумат вазиятни назоратни олиш учун комендантлик соати жорий этган. Аммо ушбу чора ҳам сабр косаси тўлган аҳолини намойишлардан тўхтата олмади. Маълумотларга қараганда, хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда 250 дан зиёд киши ҳалок бўлди.

Шиа ҳаракати етакчиси Одил Абдул Маҳдий бир йил аввал мамлакат бош вазири курсисини эгаллаган эди. Намойишчилар ҳукумат раҳбари бир йил давомида ваъда қилган ислоҳотларни амалга ошира олмади, деб ҳисоблайди.

Норозилик намойишлар тўлқинида бош вазир ҳукумат таркибини қайта кўриб чиқиш, амалдорларнинг маошини камайтириш, ёшларни иш билан таъминлаш борасида амалий ҳаракатлар қилишга сўз берди. Аммо эндиликда намойишчилар Маҳдий ва унинг маъмуриятидан истеъфо талаб этмоқда. Ҳозирга қадар намойишлар давомида юзлаб одам ҳалок бўлгани, минглаб киши жароҳатлангани эса расмий ҳукуматга қарши кайфиятни янада кучайтирди.

Фото: AP

Ироқ нефть захираси бўйча дунёнинг тўртинчи мамлакати саналади. Аммо 40 миллионли аҳолининг 60 фоизи қашшоқлик чегарасида кун кўрмоқда. Ҳар олти оиладан биттаси озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекаётир.

Ишсизлик, айниқса, навқирон авлод вакиллари орасида кучли. Мамлакат ёшларининг 25 фоизи тайинли даромад манбаига эга эмас.

Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликлар, ичимлик суви ва электр энергияси таъминотидаги муаммолар ҳам ҳукуматдан жиддий чоралар кўришни талаб этади. Каттагина қисми «Ислом давлати» жангарилари томонидан вайрон этилган мамлакатни оёққа турғазиш учун катта ҳаракат ва улкан харажат лозим. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига қараганда, Ироқ ҳукуматига тикланиш учун камида 88 миллиад доллар зарур.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг