Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ: Бунинг учун 15 йил вақт, миллионлаб доллар маблағ зарур...

БМТ: Бунинг учун 15 йил вақт, миллионлаб доллар маблағ зарур...

Фото: ТАСС

Исроил армияси ҳужуми оқибатида Ғазо сектори бутунлай яксон бўлди. Бомбардимонлар оқибатида ҳосил бўлган 40 миллион тонна бино вайроналари ҳамда тоғ-тоғ бўлиб уюлган чиқиндини тозалаш учун камида 15 йил вақт ва 500-600 миллион доллар маблағ зарур бўлади. Бу ҳақда БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги маълум қилди.

Ғазо ҳудудини тозалаш вақт ва маблағ талаб этиб қолмай, хавфли юмуш ҳамдир. Негаки,  вайроналар орасида Исроил томонидан ташланган ва портламай қолган минглаб бомба қолиб кетган. Яқинда яҳудий давлати матбуоти 2023 йил 7 октябрдан буён Исроил армияси Ғазога жанговар учоқлардан 50 мингга яқин бомба ёғдиргани, улардан 2-3 минги портламай қолгани ҳақида ёзганди.

Янада таассуфланарлиси, вайроналар остида саноқсиз инсон жасадлари  мавжуд. Аввалроқ Буюк Британияда жойлашган «Save the Children» (Болаларни муҳофаза этиш) ташкилоти вайроналар остида қолиб нобуд бўлган болаларнинг ўзи 4 мингдан зиёд экани ҳақида бонг урганди.

БМТнинг атроф-муҳит муҳофазасига масъул тузилмаси ҳисоботида қайд этилишича, Исроил ҳужуми натижасида Ғазо секторидаги 137 мингдан зиёд бино ва иншоот — мактаб, шифохона, тураржой ва бошқа муҳим инфратузилма объектлари зарар кўрган, уларнинг катта қисми бутунлай вайрон бўлган. Халқаро ташкилот вакили, масалан, Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида бирорта соғ бино қолмаганини урғулаган.

Жорий йил май ойида БМТ Тараққиёт дастури Ғазодаги биноларни тиклаш энг оптимистик сценарийда 2040 йилга қадар тугатилиши, тўлақонли реконструкция учун 40 миллиард доллар маблағ кетишини маълум қилган. Кун сайин вайроналар кўпайиб, талаб этиладиган маблағ миқдори ошиб бормоқда.

9 июнь ҳолатига кўра, Ғазо сектори ва унга яқин аҳоли пунктларида 330 минг тоннадан зиёд чиқинди йиғилган. Бу эса атроф-муҳит тозалиги ва саломатлик учун ҳалокатли оқибатларни келтириб чиқаради.

Исроил армияси ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён ўтган 286 кун мобайнида 39 848 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 89 459 киши жароҳатланди.

«The Lancet» журналида чоп этилган мақолада таъкидланишича эса, Ғазо секторидаги уруш давомида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 186 минг кишидан ортади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг