Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бизга кўп болалар ёзувчилари керак

Бизга кўп болалар ёзувчилари керак

фото: интернет, очиқ манба

Кеча бир исботлаб бўлмас хулосага келдим. Жанубий Кореяда кўп кутилган бир байрам бўлди. Кореялик ёзувчи Ҳан Канг адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Буни Корея халқи жуда узоқ кутган эдилар. Охирги 5-6 йилда уларга Нобель олиш учун бир икки қадамгина етмай турган эди. Бу борада кўп илмий изланишлар қилинди, тадқиқотлар олиб борилди. Корейс тилидаги китобларни бошқа тилларга ўгириш борасида ҳам катта илмий ишлар қилинди. Нобель мукофотини олиш бу омад эмаслигини улар жуда яхши тушунадилар. Ниҳоят 2024 йилда Корея учун адабиёт соҳасида илк Нобель қўлга киритилди. Кечадан бери китоб дўконлари ва китоб сотадиган сайтлар тўлиб кетган. Ҳамма совриндорнинг китобини сотиб олишни истаяпти.

Менинг хулосам эса бу байрамнинг болалар адабиётига алоқаси ҳақида. Нобель олишдан олдин кореялик ёзувчилар бир неча бор болалар адабиётига оид дунёдаги энг катта совринларни қўлга киритган эдилар. Халқаро даражадаги энг нуфузли мукофотларга эга бўлдилар. Бу совринларни адабиёт оламида кичик Нобель деб ҳам атайдилар. Яъни Ҳан Канг ўзи ёзувчи бўлишидан олдин болалигидан бошлаб жуда кўп сифатли болалар адабиётини ўқиб чиққан.

Демак, бизнинг муаллифлар ҳам Нобель олишлари учун аввало, болалар адабиёти муаллифлари кўпайиши, болалар кўп китоб ўқиши, китобхонлик маданияти болаликдан шаклланиши керак. Ана шундан сўнг болалигидан кўп китоб ўқиганлар катта бўлгач ажойиб асарлар ёзиб Нобель мукофотига сазовор бўла оладилар.

Болаларингизга кўпроқ ўзбек тилидаги болалар китобини олиб беринг. Бу йўл билан сиз оз бўлса-да Ўзбекистондаги муаллиф, нашриёт, китоб бозори, ўқувчи тизимини ривожланишига ҳисса қўшаётган бўласиз.

                                                        Динара Мўминова, болалар ёзувчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг