«Бу – провокация!» Туркия раҳбарияти Евроиттифоқ санкцияси борасида кескин баёнот берди

Президент Эрдўғон расмий Брюсселга Анқарага берилган ваъдаларни эслатди.
Европа иттифоқи етакчилари Туркиянинг айрим фуқароларига жорий этилган санкция рўйхатини кенгайтириш ҳақида қарор қабул қилган эди. Брюссель бунга Туркия томонидан Шарқий Ўртаер ҳавзасида газ конларини қидириш мақсадида бурғулаш-разведка фаолияти олиб борилаётганини сабаб қилиб кўрсатган.
ЕИнинг санкцияси Туркия раҳбарияти томонидан кескин танқид ила кутиб олинди. Хусусан, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Шарқий Ўртаер денгизидаги қидирув-разведка фаолияти халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида олиб борилаётганини таъкидлади ва расмий Брюсселга санкциялар ўрнига Анқарага берилган ваъдаларни бажаришни тавсия этди.
«Туркиянинг позицияси ҳаққонийдир. Анқара ўзига тегишли ҳуқуқни талаб қилмоқда, холос. Хусусан, бугун ЕИ зиммасида Туркия олдида бажарилмаган кўплаб мажбуриятлар турибди. Бу ўринда гап, жумладан, виза режимини соддалаштириш ҳамда Божхона иттифоқи ҳақида кетмоқда. Ушбу масалалар қисқа муддатда ҳал этилади деган умиддаман», – деган Туркия президенти.
Гап шундаки, Туркия Шарқий Ўртаер денгизи ҳавзасида геологик разведка фаолиятини олиб бормоқда. Греция бунга эътироз билдирмоқда. Расмий Анқара эса барчаси халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида эканини таъкидламоқда.
Туркия ташқи ишлар вазирлиги ҳам ЕИ томонидан қабул қилинган қарорни халқаро ҳуқуққа зид атаган.
Баёнотга кўра, ЕИ аъзоси бўлган айрим мамлакатлар адолатсиз талаблар билан Анқара ҳамда Брюссель муносабатларини боши берк кўчага олиб кирмоқда. Бу эса нафақат Туркия ва ЕИ умумий манфаатларига, шунингдек, минтақадаги барқарорлик ва хавфсизликка ҳам зарар етказиши тайин.
ЕИ етакчилари саммитида қабул қилинган қарор Брюссель Кипрнинг фақат юнон жамоаси манфаатини ҳимоя қилиб, оролда яшовчи турклар иродаси ва манфаатини ҳисобга олмаётганини кўрсатди, деб ҳисоблайди Туркия ТИВ.
Таъкидланишича, Грециянинг провокацион қадамларига қарамай, Туркия минтақавий барқарорлик учун ҳеч бир шартларсиз музокаралар ўтказишга шайлигини билдириб келмоқда.

Туркия масъулларига кўра, мамлакатнинг Oruç Reis кемаси Шарқий Ўртаер денгизининг БМТ рухсат берган ҳудудларида геологик тадқиқот олиб бормоқда. Фото: «AP»
Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар ҳам «Hürriyet» нашрида чоп этилган мақоласида бу борада ўз мулоҳазалари билан бўлишди.
Вазирга кўра, Шарқий Ўртаер денгизидаги зиддият фақат соғлом тафаккурга асосланган мулоқот ва музокара йўли билангина ҳал этилиши мумкин.
«Бизнинг мақсадимиз ҳамиша мураккаб масалаларни ўзаро манфаат ва адолат тамойилига таянган ҳолда, ҳамкорлик ва музокаралар йўл билан ҳал этишдан иборатдир. ЕИ томонидан Туркияга қарши санкция жорий этиш ёки музокаралар олдидан турли шартлар қўйиш орқали провокация қилиш эса самарасиз йўл саналади», – деб ёзади Ҳ.Акар.
Аввал хабар берганимиздек, Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ҳам расмий Анқаранинг халқаро ҳуқуқ меъёрларида мустаҳкамланган очиқ денгизлар ҳамда ўз денгиз зоналарига кириши ва тасарруф этишига ҳеч ким тўсқинлик қила олмаслигини таъкидлаган эди.
«Минтақадаги энг узун соҳилбўйига, ортиб бораётган аҳолига, ишлаб чиқариш қуввати ва энергия талабига эга бўлган Туркия каби мамлакатни унинг атрофидаги бойликлардан маҳрум этишга уринишлар ҳақиқатдан йироқдир... Шу сабабли Туркия ўзининг асосий манфаатларига зарар етказишга уринишларга йўл қўймаслик учун албатта қатъий позицияни эгаллайди», – деган эди М.Човушўғли.
C.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter