Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунё етакчилари Исроилни қалтис қадам қўймасликка ундамоқда

Дунё етакчилари Исроилни қалтис қадам қўймасликка ундамоқда

Рафаҳда иссиқ овқат учун навбат.

Фото: AP

Исроил маъмурияти Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужум режасини тасдиқлади, деб хабар берди мамлакат матбуоти. Халқаро ҳамжамият яҳудий давлатини 1,4 миллион фаластинлик жон сақлаётган шаҳарга ҳужум қилмасликка чақириб келаётган эди.

Кеча ҲАМАС ҳаракати Исроил билан ўт очишни тўхтатиш битими тузишга розилигини билдирган эди.

Аммо Тель-Авив ҲАМАС таклифи улар қўйган шартлардан йироқ эканини айтиб, ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришга қарор қилган.

«The Times of Israel» нашри хабарига кўра, Исроил ҳарбийлари Рафаҳ назорат постини аллақачон эгаллаган. Шаҳарни Миср билан боғловчи йўлда ҳам назорат ўрнатилган.

Исроил ҳарбий учоқлари Рафаҳнинг шарқий қисмини бомбардимон қила бошлаган. 6 майга ўтар кечаси уюштирилган бомбардимонларда 26 нафар фаластинлик, жумладан, 8 нафар бола ҳалок бўлган.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирганидан буён ҳудудни муттасил равишда бомбаламоқда. Юз минглаб фаластинлик қирғинбаротдан қочиб, мўъжазгина Рафаҳ шаҳридан қўним топган. Айни пайтда халқаро ташкилотлар ҳамда дунё сиёсий етакчилари Тель-Авив маъмуриятини мазкур шаҳарга ҳужум оммавий қирғинга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

Мўъжаз шаҳарда 1,4 миллион фаластинлик жон сақламоқда. Фото: БМТ

БМТ бош котиби Антониу Гутерришга кўра, Рафаҳга ҳужумни мутлақо оқлаб бўлмайди. Чунки қуруқликдаги операция жуда оғир гуманитар фожиаларга олиб келади.

Франция президенти Эммануэль Макрон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан суҳбатда Рафаҳга ҳужум борасида қатъий норозилигини билдирди. Расмий Париж Рафаҳдаги кўп сонли аҳолининг Исроил томонидан мажбуран кўчирилишини ҳарбий жиноят деб санайди. 

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ҳам ҳужум режасини буткул номақбул деб баҳолаган.

Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини танқид қилиб келаётган Бельгия бош вазири Александр де Кро Рафаҳга ҳужум аҳоли учун драматик оқибатлар келтиради деб ҳисоблайди.

ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича олий вакили Жозеп Боррель Тель-Авивнинг ҳужум режаси минтақадаги ўзи шундоқ ҳам оғир вазиятни буткул ёмонлаштиришидан огоҳлантирган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебреисус ҳам Исроил раҳбариятини бу қалтис режадан воз кечишга ундаган.

Исроилнинг яқин иттифоқчиси АҚШ ҳам Рафаҳга ҳужум режасини маъқулламаган.

Фаластин маъмурияти халқаро ҳамжамиятни қирғинбаротнинг олдини олишга ундаган.

«Хавфсиз ҳудуд»га ҳам бомбалар ёғилмоқда. Фото: AFP

«Рафаҳнинг босиб олиниши 1,5 миллион фаластинликнинг қирғин, қатлиом қилиниши, шунингдек, аввалдан айтиб келаётганимиздек, аҳолининг сургун этилишига олиб келади. Биз минтақавий ва халқаро кучлар, хусусан, АҚШ билан Рафаҳ босқинини тўхтатиш борасида фаол музокара олиб бормоқдамиз», – дейилади Фаластин томони берган баёнотда.

Душанба куни Исроил мудофаа кучлари Рафаҳ шаҳри аҳолисини ҳудудни тарк этишга чақирди.

Ҳолбуки, бунга қадар Тель-Авив «хавфсиз ҳудуд» дея фаластинликларни Рафаҳга боришга ундаган эди.

Таҳлилчилар Ғазода давом эттаётган жадал ҳарбий ҳаракатлар ҳамда бомбардимонлардан жонини асраб учуш Рафаҳда жам бўлган фаластинликлар учун бошқа қочадиган жой йўқлигини айтмоқда. 

213 кундан бери давом этаётган уруш давомида 34735 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 78108 нафари жароҳатланди. Вайрон бўлган бинолар остида қолган 10 минг нафар фаластинлик ҳозирча «дараксиз йўқолган» деган мақомда.

БМТга кўра, сўнгги вақтларда Ғазода очлик даражаси 12 бараварга ортди.

17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябрь ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган. Айни пайтда 2,3 миллион аҳоли ҳаётига Исроил бомбаларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солиб турибди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг