Исроил FlyDubai самолётини уриб туширишга тайёр бўлган — CBS News
Исроил ўтган ҳафта Дубайдан Тел-Авивга учган FlyDubai самолётида фавқулодда вазият юзага келгач, ҳаво кемасини уриб туширишгача тайёр турган. Бу ҳақда вазиятдан бевосита хабардор икки исроиллик манба CBS News’га маълум қилган.
Маълум қилинишича, самолёт Исроилга яқинлашаётганида иккинчи учувчи капитанга пичоқ билан ҳужум қилган ва ҳаво кемасини ҳалокатга учратишга уринган. Самолёт қисқа вақт ичида қарийб 14 минг фут пастлаган. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари экипаж билан боғланишга уринган, аммо жавоб ололмаган.
Мавзуга доир: Фавқулодда қўнган Flydubai самолёти бўйича янги тафсилотлар пайдо бўлди
Шундан сўнг Исроил ҳаво ҳудуди ёпилган ва қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилган. Бироқ FlyDubai самолёти Исроилдан тахминан 400 мил узоқликда Саудия Арабистони томон бурилгач, исроиллик қирувчилар қайтарилган. Саудия Арабистони ҳам ўз ҳарбий самолётларини ҳавога кўтарган.
Капитан иккинчи учувчига қаршилик кўрсатиб, кабина эшигини очишга муваффақ бўлган. Шундан кейин йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳужумчини зарарсизлантирган, рейсда бўлган икки нафар ишдан ташқари учувчи эса самолёт бошқарувини қўлга олиб, Саудия Арабистонининг Табук шаҳрига фавқулодда қўнишни амалга оширган.
Мавзуга доир: Flydubai самолётида фавқулодда ҳодиса: очиқ қолаётган саволлар
CBS News манбаларига кўра, агар самолёт Исроилга янада яқинлашганида, қирувчилар уни кузатиш ва кабинадаги вазиятни баҳолаш учун Иордания ҳаво ҳудудига кириши мумкин эди. Агар самолёт ўғирлангани тасдиқланиб, экипаж алоқага чиқмаганида, уни уриб тушириш масаласи бош вазир даражасида кўриб чиқилиши мумкин бўлган.
Айрми манбалар тергов маълумотларига таяниб, ҳужумда гумонланаётган иккинчи учувчи – Уммон фуқароси Ҳамам ал-Ҳамами самолётни Бен-Гурион аэропортига уриб туширишни режалаштирганини айтган. Дастлабки баҳолашларга кўра, ҳодиса якка тартибда амалга оширилган ҳужум бўлиши мумкин.
Тергов давом этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter