Дунёнинг энг тоза экологик шаҳарлари рейтинги тузилди
Дунёнинг энг кўкаламзорлаштирилган ва энг тоза экологик шаҳарлари рўйхати тузилди. Рейтингда Вена етакчилик қилмоқда, дея хабар берди «Lonely Planet».
Консалтинг компанияси йирик шаҳарларни бир қанча мезонларга кўра баҳолади. Жумладан, тадқиқотчилар кўкаламзорлаштирилган жамоат жойлари, пиёдалар сайр қилиш учун ажратилган ҳудудлар, ҳавонинг ифлосланганлик даражаси, қайта тикланадиган манбалардан олинадиган энергия истеъмоли, аҳоли жон бошига тўғри келадиган сув миқдори, жамоат транспортидан фойдаланувчи одамлар сони, фермерлик бозорларига аҳамият беришди.
Рейтингда Вена етакчилик қилмоқда. У ерда боғ-роғлар ва дам олиш масканлари, қулай жамоат транспорти мавжуд. Устига-устак, аҳолининг ярми йиллик йўл чиптасига эга: атроф-муҳитни ифлос қилувчи шахсий автотранспортдан фойдаланишдан воз кечишган.
Иккинчи ўринни Мюнхен эгаллаган. Бу шаҳарда ҳам боғ-роғлар жуда кўп, ривожланган жамоат транспорти тизими эса йўлларда шахсий автомобиллар сонини камайтиришга ҳамда шаҳар ҳавосини тозалашга имкон берди.
Рўйхатдаги учинчи поғона Берлинга насиб этди. У ерда сайр қилиш учун жойлар жуда кўп, Европа бўйича аҳоли жон бошига сув истеъмоли минимал даражада ва жамоат транспорт тизими ҳам тараққий этган.
Мадрид тўртинчи ўринда. Испания пойтахтида ботаника боғлари кўп. Шунингдек, пиёдалар сайр қилиши учун жойлар етарлича топилади.
Рейтингдаги бешинчи поғонани Сан-Паулу эгаллади. Бразилия мегаполисида фермерлик бозорлари кўп. Аҳолиси қайта тикланадиган энергия манбаларидан нисбатан кўп фойдаланишади.
Кучли ўнталикка Манчестер, Лиссабон, Сингапур, Амстердам ва Вашингтон ҳам киритилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter