Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Эрон катта хатога йўл қўйди ва бунинг учун товон тўлайди», — Нетаняҳу Теҳронга таҳдид қилди

«Эрон катта хатога йўл қўйди ва бунинг учун товон тўлайди», — Нетаняҳу Теҳронга таҳдид қилди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу сешанба оқшомида Исроилга йирик баллистик ракета ҳужумини уюштирган Эронга таҳдид қилди.

«Бугун Эрон катта хатога йўл қўйди ва бунинг учун товон тўлайди. Эрондаги режим ўзимизни ҳимоя қилиш ва душманларимиздан ўч олишга бўлган қатъиятимизни тушунмаяпти», — деди у. — «Биз қоидага амал қиламиз: ким бизга ҳужум қилса, биз ҳам унга ҳужум қиламиз».

Исроил армияси матбуот котиби Даниел Ҳагарий ҳам Теҳроннинг ҳаракатлари жиддий оқибатларга олиб келишини айтди.

Унга кўра, Исроил ва Америка ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Эрондан учирилган ракеталарга қарши самарали ишлаган.

«Бизнинг режаларимиз бор ва керак вақтда ҳаракат қиламиз», — дея қўшимча қилди Исроил армияси вакили.

Эрон ҳужумидан бир неча соат ўтгач, Исроил ҳарбийлари Байрутдаги «Ҳизбуллоҳ» нишонларига янги ҳужумлар уюштирди.

Бундан олдин Исроил мудофаа кучлари маҳаллий аҳолини белгиланган ҳудудларни тарк этиши ҳақида огоҳлантирган.

АҚШ президенти Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Теҳрон жами 200 га яқин баллистик ракета учирганини айтди.

Пентагон матбуот котиби Пат Райдернинг маълум қилишича, Эроннинг ҳужумини қайтаришда Ўрта ер денгизида жойлашган АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг иккита кемаси қатнашган.

АҚШ ҳарбийлари сешанба кунги зарбалар Эроннинг жорий йилнинг апрель ойида Исроилга қилган биринчи ҳужумидан «икки баравар катта» эканлигини айтди.

АҚШ президенти Жо Байден Вашингтон Исроилни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган.

Байденнинг сўзларига кўра, унинг тўғридан-тўғри кўрсатмаси бўйича АҚШ ҳарбийлари зарба пайтида «Исроил мудофаасини фаол қўллаб-қувватлаган».

Шунингдек, у Эрон ҳужуми қайтарилгани ва самарасиз бўлганини қўшимча қилган.

Вице-президент ва Демократик партиядан президентликка номзод Камала Ҳаррис ҳужумни Байден билан бирга Оқ уйдан реал вақтда кузатганини айтди.

У Байденнинг Америка кемаларига Исроилга қаратилган ракеталарни уриб туширишни буюриш ҳақидаги қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган.

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин чоршанба оқшомида ижтимоий тармоқ Х саҳифасида ёзишича, Вашингтон дипломатик келишувга эришиш тарафдори, аммо керак бўлса, Исроилни Эрон ҳужумидан ҳимоя қилишга тайёр.

Эрон расмийлари нима дейди

Сешанба куни кечқурун «Ҳизбуллоҳ»нинг марҳум етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг портретларини кўтарган одамлар Теҳрон марказида кўчаларга чиқишди.

Эрон расмийларининг таъкидлашича, улар фақат Исроилдаги ҳарбий нишонларга ҳужум қилган ва кенг кўламли урушни истамайди, балки ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланмоқда.

Аввалроқ Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Исроилга берилган зарбалар Теҳронда «Ҳамас» етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши, шунингдек, ўтган шанба куни Байрутга уюштирилган ҳужум натижасида «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг ўлимига жавоб бўлганини маълум қилганди.

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси, агар Исроил қасосга интилса, «бундан ҳам даҳшатли ҳужумларга дуч келиши» ҳақида огоҳлантирди.

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Исроилга зарба беришдан мақсад Эрон ўз манфаатлари ва фуқароларини ҳимоя қилишга тайёрлигини кўрсатиш эканини ёзди.

Унинг сўзларига кўра, сешанба куни Эрон ўз имкониятларининг атиги бир қисмини кўрсатган ва Исроил ҳукуматини вазият янада жиддийлашишидан огоҳлантирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг