Эрон ташқи ишлар вазири ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Исроил тажовузини муҳокама қилди
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан Исроилнинг минтақадаги тажовузи ва икки томонлама масалаларни муҳокама қилди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Арақчи Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси билан Ар-Риёдга расмий ташрифи доирасида учрашган.
Саудия шаҳзодаси учрашув чоғида минтақадаги инқирознинг кучайиши ва уруш авж олишидан чуқур хавотир билдирар экан, минтақадаги барча давлатлар барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга алоҳида эътибор қаратишлари кераклигини таъкидлади.
Бин Салмон, шунингдек, ўтган йили Эрон ва Саудия Арабистони ўртасида эришилган келишувларнинг амалга оширилишидан мамнунлигини билдириб, икки томонлама муносабатларнинг ижобий ривожланишини қайд этди. «Саудия Арабистони Подшоҳлиги бу жараённи икки томонлама муносабатларда давом эттириш тарафдори», — дея қўшимча қилди у.
Эрон ташқи ишлар вазири, ўз навбатида, яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш Эрон ҳукуматининг устувор йўналиши эканини таъкидлади. Теҳрон минтақавий барқарорлик, хавфсизлик, фаровонлик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори, дея қўшимча қилди у.
Арақчи, шунингдек, Исроилнинг минтақадаги ҳужумларини зудлик билан тўхтатиш, Ғазо ва Ливандаги инфратузилмани йўқ қилишига йўл қўймаслик учун барча имкониятларини ишга солиш муҳимлигини таъкидлади. Минтақада барқарорлик ва барқарор хавфсизликка эришиш учун ҳам бу зарурлигини қайд этди.
«Исроил режими бутун минтақани фалокат сари етакламоқда. Минтақага ушбу оғир дамларни енгиб ўтиш учун ақл, донолик, жасорат ва ҳамкорлик керак», — деди у.
Эрон вазири Ар-Риёддаги музокаралардан сўнг Доҳада юқори мартабали расмийлар билан учрашиш учун Қатарга йўл олди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter