Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Европа учун қайси давлат жиддий таҳдид экани айтилди

Европа учун қайси давлат жиддий таҳдид экани айтилди

Европа хавфсизлик соҳасида фақат АҚШга суяниб қолмай, ўз мудофааси учун катта миқдорда маблағ ажратиш йўлига ўтмоқда. Бу ҳақда Германия канцлери Фридрих Мерц BBC’га берган интервьюсида қайд этган. Сиёсатчи, шунингдек, Россия Европа учун жиддий таҳдид туғдираётганини ҳам таъкидлаган.

“Биз жиддий таҳдид билан рўбарў келмоқдамиз, бу – Россиядир. Бу таҳдид нафақат Украинага, балки бизнинг тинчлигимиз, эркинлигимиз ва Европадаги сиёсий тартибга қарши қаратилгандир”, – дейди Германия ҳукумати раҳбари.

Жорий йил 6 майдан эътиборан Германия канцлери лавозимида фаолият бошлаган Мерц сайлов кампанияси даврида Украинани фаол қўллаб-қувватлаган. Лавозимга киришганидан тўрт кун ўтиб, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Франция президенти Эммануэль Макрон билан биргаликда поездда Киевга ташриф буюрган эди.

Мерц, шунингдек, мудофаа учун харажатларни кескин ошириш мақсадида Конституцияга ўзгартириш киритишга муваффақ бўлган.

“Биз у қадар кучли эмасмиз, армиямиз у қадар кучли эмас. Шу боис биз (мудофаа учун) кўп маблағ сарфламоқдамиз”, – деган олмон сиёсатчиси.

Мерц АҚШ раҳбариятининг Европа ўз мудофааси ва хавфсизлиги учун жуда кам маблағ сарфлаётганига доир танқидий фикрини дастаклаган.

Фридрих Мерц сайлов даврида АҚШ раҳбари Доналд Трамп Европа тақдирига бефарқ экани ҳақида гапирган эди. Германия канцлери BBC’га берган интервьюсида ҳам Трамп АҚШнинг бошқа президентларидан фарқли равишда Европа билан ҳамкорликка у қадар хайрихоҳ эмаслигини урғулаган. Сиёсатчининг фикрича, АҚШ ташқи сиёсатда Европадан Осиё томон юз бурмоқда ва шу боис ҳам Европа мамлакатлари АҚШдан мудофаа соҳасида мустақил бўлишга ҳаракат қилиши керак.

Сўнгги вақтларда Европанинг етакчи давлатлари АҚШга тобеликни камайтириш, мудофаа бўйича ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга уринмоқда.

Жумладан, куни кеча Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Германия канцлери Фридрих Мерц ҳарбий ҳужум содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатиш мажбуриятларини ўз ичига олган келишувни имзолади.

Охирги пайтларда Россиянинг Европага эҳтимолий ҳужуми масаласи тез-тез муҳокама қилинмоқда.

Жорий йил июнь ойида НАТО бош котиби Марк Рютте Россия ҳарбий машинасининг ҳаракати тобора жадаллашаётгани, Москва уч-беш йил мобайнида НАТО давлатларига ҳужум қилишга тайёр бўлиши ҳақида баёнот берганди.

Аввалроқ Германия федерал разведка хизмати раҳбари Бруно Каль Ғарб давлатлари ўз мудофаа қобилиятини ошириш борасида қатъият кўрсатмаса, Москва НАТОга ҳужум қилишидан огоҳлантирганди.

Россия президенти Владимир Путин ҳарб майдонида Украинани мағлуб этгудек бўлса, НАТОга қарши уруш очади, деб ҳисоблайди хавфсизлик бўйича Мюнхен халқаро конференцияси раҳбари Кристоф Ҳойсген.

“Путин бир неча бор Cовет Иттифоқининг парчаланиши ва руслар Россиядан четда қолиб кетганини XX асрнинг катта фожиаси деб атаган. Агар Путин Украинада мағлуб этилмаса, у Молдовага қадар ёки Болтиқ мамлакатларига қадар келишини кутишимиз керак”, – деган Кристоф Ҳойсген.

Президент Путин Украина томонидан Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган қуроллар ҳамда ракеталар билан Россия ҳудудига зарба берилишига доир муҳокамаларга муносабат билдираркан, юзага келган таҳдидларга кўра “тегишли қарорлар қабул қилиниши” ҳақида пўписа қилгани маълум.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг