«Европалик чўчқачалар...» – Путин Украинага янги ҳужумлар билан таҳдид қилди
Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши янги ҳарбий зарбалар бериш мумкинлигини билдирди. Унинг айтишича, агар Киев ва Ғарб давлатлари ҳозир олиб борилаётган тинчлик музокараларида Россия қўйган талабларни қабул қилмаса, Москва фронтдаги ҳаракатларини давом эттиради.
«Агар улар жиддий музокарани истамаса, у ҳолда Россия ўз тарихий ерларини жанг майдонида озод қилади», – деди Путин чиқиши давомида.
Путиннинг таъкидлашича, Европа етакчилари аввал Россия қисқа вақт ичида парчаланиб кетади, деб ўйлаган ва АҚШнинг аввалги маъмурияти билан бирга ҳаракат қилган.
«АҚШнинг аввалги маъмурияти вазиятни онгли равишда қуролли тўқнашувга олиб келган. Назаримда, бунинг сабаби ҳам тушунарли. Ҳамма қисқа вақт ичида Россияни барбод қилиш, парчалаб юбориш мумкин деб ўйлаган. «Европалик чўчқачалар» эса дарҳол АҚШ аввалги маъмуриятининг бу ишига қўшилиб, мамлакатимиз қулашидан фойда кўришга умид қилган», – дейди у.
Путин АҚШнинг ҳозирги маъмурияти, хусусан Дональд Трамп жамоаси, тинч йўл билан келишувга мойил эканини айтган, Европа давлатларида эса бундай ирода кўринмаяпти, деб ҳисоблайди.
Кремль расмий позициясига кўра, Россия тинчлик келишуви доирасида қатор талабларни илгари сурмоқда. Улар орасида Қрим ва Украина шарқида Россия назорати остига ўтган ҳудудларни Россияники сифатида тан олиш, Россия–Украина чегараси бўйлаб «хавфсизлик буфер ҳудуди»ни кенгайтириш ҳамда Украинанинг НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиши каби шартлар бор.
Украина ва Ғарб давлатлари эса бу талабларни қабул қилиб бўлмас, деб ҳисобламоқда ва Россия босқинини халқаро ҳуқуққа зид, деб баҳолаб келмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter