Грузияда нотинчлик: сабаб ва оқибатлар
Грузия парламенти «Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни иккинчи ўқишда қабул қилди. Парламент биноси олдида навбатдаги норозилик намойишлари рўй берди.
Грузия парламенти чоршанба куни «Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида»ги қонунни иккинчи ўқишда қабул қилди. Бир кун аввал қонун бўйича мунозаралар парламент биноси олдида тўқнашувлар ва ҳибсга олишлар билан кечганди. Чоршанба куни намойишчилар яна парламент атрофига тўпланишди.
150 нафар депутатдан 83 нафари қонун лойиҳаси учун овоз берди – уларнинг барчаси ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси ва уларнинг таъсиридаги «Халқ кучи» партияси депутатларидир. Биринчи ўқишда ҳам лойиҳа учун шунча миқдорда овоз берилганди.
23 депутат қарши овоз берди. Мухолифатнинг аксарияти яна овоз беришда қатнашмади.
Овоз беришдан сўнг Грузия ички ишлар вазирлиги бўлинмалари депутатларнинг хавфсиз чиқишини таъминлашган.
«Намойишчилар ўзлари учун қулай жойда намойиш ўтказиш имкониятига эга. Ички ишлар вазирлиги сиёсий партиялар етакчилари, митинг ташкилотчилари ва иштирокчиларини қонунни бузмасликка, тинч намойиш ўтказишга ва зўравонликка йўл қўймасликка чақиради», — дейилади хабарда.
BBC хабарига кўра, Грузия парламенти яқинида ҳақиқатан ҳам полициячилар сони кам бўлган, бироқ у ерда бир кун олдингига қараганда кўпроқ намойишчилар тўпланган. Кўпчилик полиция билан тўқнашувларга тайёр эди: улар ниқоб ва кўзойнак тақиб олишган.
Бир гуруҳ намойишчилар парламент мажмуасига кирувчи дарвозани бузишга ҳаракат қилган ва ичкаридан полиция ходимлари қалампир гази қўллашган.
Намойишчилардан бири Россия байроғини дарвозага боғлаб қўйган ва уни ёқиб юборишга уринган, шундан сўнг байроқ парчаланган.
Ҳукмрон партияга мухолифатда бўлган Грузия президенти Саломе Зурабишвили намойишчиларни қўллаб-қувватлаган, бироқ уларни полиция билан тўқнашувларга бормасликка чақирган.
«Мен кечки воқеаларни президент саройидан кузатиб боряпман ва бир неча бор айтганимдек, сиз билан биргаман. Бироқ, мен бугун биз билан ўз шижоатини баҳам кўраётган жонкуяр ёшларга мурожаат қилмоқчиман. Парламент дарвозасини тинч қўйинг, бундай ишлардан тийилинг», — деди Зурабишвили Грузия телевидениеси орқали намойиш этилган видеомурожаатида.
«Менинг юзимда кўриб турганингиз — бу Россиянинг таъсири»
Овоз беришдан олдин ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси депутатлари ва мухолифат яна одатий айбловларни алмашишди, шунингдек, йиғилишлар залида кичик муштлашув уюштиришди.
Баҳс сешанба оқшомида парламент олдидаги йирик норозилик намойиши тарқатиб юборилиши ортидан бўлиб ўтди.
Мухолифатдаги «Бирлашган миллий ҳаракат» раиси Леван Хабеишвили қўли ва юзи боғланган ҳолда гапирди. Унинг сўзларига кўра, махсус кучлар томонидан қўлга олинган йигитга ёрдам бермоқчи бўлганида у полиция томонидан калтакланган.
«Мени калтаклаганларида, «сизнинг тилингиз узун, ҳукуматни тинмай танқид қиласиз, балки тўхтарсиз», дейишди... Кейин: «Уни ўлдиринглар, сўнг бошини уриб олди дейсизлар» деб айтишди», — деди Хабеишвили минбардан.
«Менинг юзимда кўриб турганингиз — бу Россиянинг таъсири», деди у.
«Озодлик» радиосининг грузин хизмати хабарига кўра, кечки митинг тарқалгач, 11 киши, жумладан олти нафар полициячи ёрдам сўраган.BBC мухбирларининг кузатганларига қараганда, намойишчилар орасида жабрланганлар кўпроқ бўлиши мумкин. Парламент олдидаги намойишчиларнинг аксарияти ёшлар ва талабаларни ташкил этади.
Хабеишвили ҳукмрон партия вакилларини 2024 йил октабридаги сайловгача қонун лойиҳасини кўриб чиқишни тўхтатишга чақирди: шундан сўнг, унинг сўзларига кўра, қарорни халқ қабул қилади.
Агар ҳукмрон партия бунга рози бўлмаса, мухолифат фуқароларни «Грузия миллий манфаатларини ҳимоя қилишга» чақиради.
Парламент раиси Шалва Папуашвили бунга жавобан бир кун олдин ва охирги кунларда мухолифат полиция ходимларига нисбатан зўравонлик ҳаракатларини уюштирганини айтган.
«Москванинг кўрсатмалари»
Сешанба куни кечқурун полиция Руставели хиёбонида парламент олдидаги митингни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган. Расмий маълумотларга кўра, 63 киши ҳибсга олинган.
Бир кун олдин расмийлар қўшимча дам олиш кунларини эълон қилишди: анъанавий Пасха дам олиш кунларига бир неча кун қўшилди. Мухолифат кузатувчилари буни Тбилисидаги намойишчилар фаоллигини камайтиришга уриниш деб баҳоламоқда.
Сешанба кунги норозилик намойишлари олдидан ҳукмрон «Грузия орзуси»нинг фахрий раиси, мамлакатнинг энг нуфузли бизнесмени Бидзина Иванишвилининг баёноти Грузиядаги таъсир агентлари Ғарб томонидан молиялаштирилаётгани ва Грузияда «уруш партияси» борлиги ҳақидаги миш-мишларни бошлаб юборди.
Иванишвилининг нутқи ҳукмрон партия ва қонун мухолифлари ўртасидаги чегара чизиғини янада аниқроқ белгилаб берди.
Мухолифатчилар қонунни «русча» деб аташади ва унинг кўп жиҳатдан Россиянинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунининг асл нусхасига ўхшашлигини таъкидлайдилар.
Бир мунча вақт Иванишвилининг маслаҳатчиси бўлган таҳлилчи Гиа Хухашивили BBC билан суҳбатда бўлган.
«Биз жиддий фуқаролик тўқнашуви ёқасида турибмиз»,— дейди Хухашвили. — «Ҳозирги вазият аввалгилардан тубдан фарқ қилади. Биз Европага интиляпмизми ёки Россия империясига? Расмийлар собиқ Иттифоқга қайтаётганимизни яққол кўрсатишмоқда».
Хухашвилига кўра, ҳозирги ҳукумат Россия моделига амал қилмоқда. «Буларнинг барчаси Москвадаги кўрсатмалардан келиб чиқмоқда. Москва бу ҳолатни 10 йил олдин бошидан ўтказган».
Душанба куни ҳукмрон партия ўз тарафдорларини пойтахтда йирик митингга йиғиб, вилоятлар аҳолиси учун автобуслар ташкил қилган.
Сиёсатшунос Гиа Нодиа ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Иванишвили «ўз халқини билмаслигини ва 29 апрелдаги митингга олиб келинган саросимага тушган оломонни грузин халқи деб ўйлаганини» ёзди.
«29 апрель куни у (Иванишвили) очиқчасига ўз халқига қарши уруш эълон қилди», деб ёзади профессор Нодиа миллиардернинг «Ғарб агентлари» ҳақидаги сўзларини шарҳлаб.
Энди нима бўлади?
Қонун қабул қилингунга қадар ҳали якуний учинчи ўқиш бор, у ҳали режалаштирилмаган, лекин катта эҳтимол билан 17 май куни бўлиб ўтади.
Шундан сўнг, Грузия президенти Саломе Зурабишвили, ваъда қилинганидек, қонунга вето қўяди ва қонун парламентга қайтади, бунда ҳукумат тарафдорлари назарий жиҳатдан уни бекор қилиш учун етарли овозга эга.
Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида»ги қонун албатта қабул қилинишини айтди.
«Бу масалада муроса қилиш мумкин эмас, чунки бу қонун жамиятдаги қутбланишни камайтиради. Май ойи ўрталарида ушбу қонунга овоз берилади ва бир неча ҳафтадан сўнг парламентда президент ветоси инкор қилинади, шундан сўнг қонун кучга киради», — дея бош вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган Россия ТАСС агентлиги.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter