Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил Фаластин давлатининг “жанозасини ўқимоқчи”

Исроил Фаластин давлатининг “жанозасини ўқимоқчи”

Фото: AP

Исроил молия вазири Бецалель Смотрич Фаластиннинг ишғол остидаги ҳудуди – Ғарбий Соҳилда яҳудийлар учун 3400 дан зиёд уй барпо этиш режасини маъқуллади. E1 деб аталган ушбу лойиҳа халқаро ҳамжамият эътирози ортидан тўхтатиб қўйилган эди.

“The Times of Israel” нашри ёзишича, Исроилнинг радикал қанотга мансуб молия вазири Бецалель Смотрич Ғарбий Соҳилда минглаб яҳудий уйлари қурилиши билан “Фаластин давлати тузиш ғоясининг жанозаси ўқилиши”ни таъкидлаган.

Маале-Адумим ҳудуди ва Қуддус ўртасида яҳудий келгиндилари учун уйлар қурилиши Ғарбий Соҳилни Шарқий Қуддусдан ажратиб қўяди.

Фаластин ташқи ишлар вазирлиги Тель-Авив маъмуриятининг ушбу лойиҳасини Фаластин давлатини ташкил этиш, жуғрофий ва географик бирликка рахна солишга қарши қаратилган ҳаракат сифатида кескин қоралади.

Фаластин томони халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг геноцид, депортация ва аннексия сиёсатига қарши амалий ҳаракатлар қилишга ундаган.

31 та араб ва мусулмон давлати ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Араб давлатлари лигаси, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ҳамда Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши номидан тарқатилган баёнотда ҳам Бинямин Нетаняҳу маъмуриятининг “Буюк Исроил” деб аталган лойиҳаси ва Ғарбий Соҳилда яҳудий манзилгоҳлари қуриш режаси халқаро ҳуқуққа зид экани таъкидланган.

“Бундай ҳаракатлар янги зўравонлик тўлқинини ҳосил қилади ва адолатли дунё барпо этиш истиқболини йўққа чиқаради”, – дейилади қўшма баёнотда.

Араб ва мусулмон дунёси давлатлари Ғазо секторидаги қонли уруш ва гуманитар ҳалокат юзасидан ҳам хавотир изҳор қилган.

Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади.

Исроилдаги Peace Now инсон ҳуқуқлар ташкилоти Нетаняҳу ҳукуматининг ноқонуний тураржойлар қуриш ҳаракатини қоралар экан, бу орқали Ғарбий Соҳилни бутунлай ишғол этиш кўзланганидан огоҳлантирган. Нетаняҳунинг ўзи бир неча йилдан буён аннексия режасини очиқ муҳокама қилиб келади.

БМТ кўп йиллардан буён Тель-Авивнинг оккупация сиёсатини қоралаб келади. Хусусан, БМТнинг юқори суд органи ҳисобланган Халқаро суд 2024 йил июль ойида Исроил Фаластин ерларидан барча исроилликларни олиб чиқиши ва ноқонуний уйларни қуришни тўхтатиши лозимлиги ҳақида қарор чиқарган.

Таҳлилчиларга кўра, Исроил маъмурияти мустақил Фаластин давлати тузиш ғоясига тиш-тирноғи билан қарши чиқмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 18 июль куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қарор қабул қилинди. Кнессет қарорига халқаро ташкилотлар етакчилари, жумладан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эътироз билдирди. Бош котиб таъкидича, 1967 йилги чегараларда, пойтахтлари Қуддус бўлган мустақил, суверен ва демократик икки давлат мавжудлиги минтақада барқарорлик ўрнатишнинг ягона оқилона йўли саналади.

Маълумот ўрнида: Исроил парламенти жорий йил 23 июль куни Ғарбий Соҳилни ўз ҳудудига қўшиб олиш ҳақида қарор қабул қилганди. Бу қарор ҳам халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.

Исроил молия вазири Бецалель Смотрич аввалроқ Ғарбий Соҳилда яҳудий уйларини қуриш учун маблағ кўпайтирилишини маълум қилганди. Халқаро ҳуқуққа зид бу ташаббус Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар томонидан танқид қилинган.

Фаластинликларга нисбатан радикал муносабати билан отнинг қашқасидек танилган Смотрич Ғазо аҳлини сургун қилиш ғоясини илгари суриб келади.

Жорий йил июнь ойида Буюк Британия, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва Норвегия Бецалель Смотричга қарши санкция жорий қилганди.

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг