Исроил Ғарбий соҳилдаги масжидга ҳужум уюштирди
22 октябрь куни Исроил армияси ишғол остидаги Ғарбий соҳилда жойлашган Ал-Ансор масжидига авиазарба берди. Жениндаги қочқинлар лагерида жойлашган масжидга ҳамла қирувчи учоқ орқали амалга оширилган.
Reuters агентлиги хабарига кўра, Исроил ҳарбийлари масжид биносида ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» жангариларининг шўъбаси жойлашганини даъво қилган. Аммо ҳарбий ҳаракатлар кетаётган паллада бу маълумотнинг ҳаққонийлигини текшириш имконсиз.
Фаластин Қизил ярим ой жамияти масжидга ташланган бомбадан камида бир киши ҳалок бўлгани, уч киши жароҳатлангани ва бино жиддий талафот кўрганини маълум қилган. Бошқа манбаларга қараганда, масжидга ҳужумда икки киши ҳалок бўлган.
Исроил ҳарбийлари ҲАМАСнинг 7 октябрь кунги ҳужумига жавобан Ғазога бомда ёғдиришда давом этмоқда. Айни пайтда Фаластиннинг ишғол остидаги яна бир ҳудуди – Ғарбий соҳилда ҳам рейд ва ҳужумлар фаоллашган.
7 октябрдан буён Ғарбий соҳилда 727 нафар фаластинлик турли айбловлар билан ҳибсга олинган. Икки ҳафтадан ошиқ вақт ичида ишғолчи ҳарбийлар ўқидан 95 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 1650 нафари жароҳатланган.
Исроилнинг муттасил ҳужумларига нишон бўлаётган Ғазода эса ҳалок бўлганлар 4650 нафар, жароҳатланганлар 14240 нафардан ошган.
«Al Jazeera» уй-жойидан айрилган фаластинлик қочқинлар учун бошпана саналган Жениндаги лагерда Исроил ҳарбийлари тез-тез рейд ўтказиб туришини эслатган. Агентликка кўра, тобора қонли ва шафқатсиз тус олаётган сўнгги рейдлар ўзи шундоқ ҳам таҳликали вазиятни мураккаблаштирмоқда, ёниб турган оловга мой сепгандек таъсир кўрсатмоқда.
БМТ Исроил томонидан Ғарбий соҳилда тинч аҳолига куч ишлатиш ҳамда яҳудий оилалар учун ноқонуний тураржой қуриш сиёсатини танқид қилиб келади.
Ишғол остидаги Ғарбий соҳилни Фаластин президенти Маҳмуд Аббос бошқаради. Ғазо сектори эса ҲАМАС ҳаракати назоратида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter