Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан нохуш башорат

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан нохуш башорат

Онколог кўригида. Лион шаҳри, Франция.

Фото: ЖССТ

2050 йилга бориб саратон хасталигига чалиниш кўрсаткичи 77 фоизга ошади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) ихтисослашган тузилмаси – Саратонни тадқиқ этиш бўйича халқаро агентлик ҳисоботида шундай нохуш хулоса қайд этилган. 

Халқаро ташкилот дунёнинг 115 мамлакатида ўтказган ижтимоий сўров якунларига кўра, аксар мамлакатларда саратонни даволаш бўйича базавий хизматлар ҳам муносиб даражада молиялаштирилмаган. Фақат 39 фоиз мамлакатгина ўз фуқароларига хасталикни даволаш бўйича асосий тиббий хизматни тақдим этмоқда. Бинобарин, дунёда онкологик хасталикларга қарши сифатли муолажадан фойдаланиш борасида кучли тенгсизлик ва табақаланиш сақланиб қолмоқда.

2022 йилда сайёрамиз бўйича ушбу хасталикка чалиниш бўйича 20 миллионта янги ҳолат рўйхатга олинган. Саратон оқибатида 9,7 миллион бемор ҳаётдан кўз юмган.

Ўпка, кўкрак бези, йўғон ичак, простата ва ошқозон саратони хасталикнинг энг кенг тарқалган тури сифатида қайд этилган. Масалан, 2022 йил давомида биргина ўпка саратони билан боғлиқ 2,5 миллионта, кўкрак бези саратони билан боғлиқ 2,3 миллионта ва йўғон ичак саратони билан боғлиқ 1,9 миллионта янги ҳолат кузатилган.

Йил давомида ўпка саратонидан 1,8 миллион киши (онкологик хасталик ортидан ўлимларнинг 18,7  фоизи) ёруғ дунё билан видолашган. Экспертлар ўпка саратонининг авж олишини тамаки истеъмоли ортиши билан изоҳлаган. 

ЖССТнинг яқин истиқбол бўйича башорати у қадар некбин эмас: 2050 йилга бориб, саратонга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар 35 миллионга етади. Бу эса хасталик 2022 йилга нисбатан 77 фоизга кўпайишидан далолат беради. Табиийки, ўлимлар ҳам каррасига ортади.

Хавотирли жиҳати шундаки, хасталикнинг тарқалиш улуши камбағал давлатларда юқори даражада бўлиши кутилмоқда. Жумладан, Инсон тараққиёт индекси паст бўлган мамлакатларда бу кўрсаткич 142 фоизга, ўрта даражадаги мамлакатларда эса 99 фоизга етади.

ЖССТнинг саратон билан боғлиқ ҳолатни назорат қилиш бўлими раҳбари Фредди Брэйнинг фикрича, камбағал ва қўли калта тоифанинг онкологик хасталикларга қарши курашиши жуда оғир кечади.

Қариш жараёни, ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар, тамаки ва спиртли ичимликлар истеъмоли, семириш, атроф-муҳит ифлосланиши касаллик чақирувчи омиллар сифатида саналган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг