Жанубий Кореяга ўткир ижтимоий муаммо хавф солмоқда
Дунёда энг паст туғилиш даражасига эга Жанубий Кореяда 2023 йилда бу муаммо янада кучайди.
Жумладан, 2022 йилда ҳар бир аёлга 0,78 бола тўғри келган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 0,72 болага тушди. Бу ҳақда Reuters агентлиги республика статистика бошқармаси маълумотларига таяниб хабар берди.
Бу аҳоли ўсиши барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган ҳар бир аёл учун 2,1 фарзанд кўрсаткичидан анча паст.
2018 йилдан бери Жанубий Корея Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг 1 баллдан паст натижага эга ягона аъзоси бўлиб қолмоқда.
Жанубий Корея, шунингдек, ташкилотдаги гендер маошлари бўйича энг катта тафовутни сақлаб турибди, корейс аёллар эркакларнинг ўртача даромадидан учдан икки қисмини олади.
Сеул хотин-қизлар университети профессори Чунг Чже Хуннинг сўзларига кўра, Жанубий Кореядаги аёллар болаларга ғамхўрлик қилишда энг оғир юкни ўз зиммаларига оладилар, бу эса уларнинг мартаба кўтарилишини қийинлаштиради.
Жанубий Кореянинг демографик инқирози унинг иқтисодий ўсиши ва ижтимоий фаровонлик тизими учун катта хавфга айланди: бу асрнинг охирига қадар мамлакатнинг 51 миллион аҳолиси икки баробарга қисқариши мумкин. Муаммо уй-жой ва яшаш нархининг юқорилигидан келиб чиқади.
Туғилишнинг пастлиги муаммоси Шарқий Осиёнинг иқтисодий ривожланган мамлакатларида кенг тарқалган. Японияда 2023 йил якунларига кўра, туғилган болалар сони кетма-кет саккизинчи йил энг кам кўрсаткични янгилади.
Хитойда 2022 йилда туғилиш даражаси 1,09 га тушди, бу ҳам рекорд даражада паст. Мамлакат аҳолиси бир йилда икки миллион кишига камайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter