Китобхон ўғри
Италиялик Даниэль Ликуори компьютерчиликдан топган даромадига қаноат қилмай, ўғрилик билан ҳам шуғулланади. Қўли эгрилигига қарамай, ўлгудек китоб ўқишни яхши кўради, айниқса, классик адабиёт жону дили. 38 ёшли йигит яқинда пойтахт Римнинг нуфузли Прати мавзесида жиноят устида қўлга олинди. Дарвоқе, ўғригина компьютерчига айнан китобхонлиги панд берди.
У ҳозиргина ўмарилган қимматбаҳо либосларни қўлтиқлаганча бегона квартиралардан бирига балкон орқали тушди. Қўлга илингудек қимматли буюмларни оламану жуфтакни ростлайман деб кирган эди. Аммо иттифоқо тумбочкадаги китобни кўриб қолди. Италиялик олим Жованни Нуччининг Ҳомернинг «Илиада» достонига бағишланган илмий-оммабоп рисоласи экан. Мумтоз адабиётга қизиқиши баланд эмасми, Даниэль Ликуори ўғриликка киргани ҳам ёдидан кўтарилиб, китобни қўлига олиб бамайлихотир мутолаа қилишга тушди. «Илиада» достони таҳлилига шўнғиб кетган ўғри бировнинг уйида эканини паққос унутди. Бу орада қўшни хонада ухлаб ётган хонадон эгаси уйқудан туриб, «чақирилмаган меҳмон»ни кўрдию ими-жимида, зудлик билан полицияга қўнғироқ қилди. Китобхон ўғрининг қочишга уриниши самара бермади. Балкондан шартта сакраб қочаётган маҳал пастдаги ҳушёр полициячи томонидан тутиб олинди.
Италия матбуот «зиёли талончи» деб атаган шахс аввалига полициячиларга кўп қаватли уй томидан йиқилиб, бировнинг балконига тушганию азбаройи қизиқиш сабаб китоб ўқиб ўтиргани ҳақида эртак айтиб берди. Аммо ёнидан чиққан қимматбаҳо либослар барини фош қилди-қўйди. Пировардида, Ликуорига жиноят иши очилди.
Тақдирнинг ҳазилини қарангки, «Илиада» достони ҳақидаги бояги китоб муаллифи Жованни Нуччи шу хонадондан атиги 300 метр нарида яшар экан.
«Жиноят устидан қўлга тушган ўша одам билан учрашиб, унга китобимни совға қилмоқчиман. Ҳойнаҳой, у китобни охиригича ўқий олмаган бўлса керак. Марҳамат, охиригача мутолаа қилиб завқлансин», – дея интервью берган Жованни Нуччи.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter