Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирусга қарши ким самарали курашмоқда — Туркия ёки Германия? «Нью-Йорк таймс» хатосини тузатди

Коронавирусга қарши ким самарали курашмоқда — Туркия ёки Германия? «Нью-Йорк таймс» хатосини тузатди

Дунё матбуоти гигантларидан бири – The New York Times газетаси Туркия расмийсининг эътирозли мактуби ортидан ўз хатосини тўғрилади. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар беради.

Гап шундаки, жорий йил 1 май куни The New York Times таҳририяти номидан «In a Crisis, True Leaders Stand Out» (Инқирозда ҳақиқий етакчилар бўй кўрсатмоқда) номли мақола эълон қилинган. Мақолада дунё миқёсида COVID-19 пандемиясига қарши кураш бўйича муваффақиятли ҳолатлар, хусусан, Германия тажрибаси баён этилган. Мақолада Туркиянинг бу борадаги муваффақияти инобатга олинмаган. Шундан кейин Туркия президенти ҳузуридаги Матбуот ва коммуникация бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун газетага очиқ хат йўллаган.

Газетадаги мақолада Германияда коронавирусга қарши кураш самарали йўлга қўйилгани боис ўлим даражаси жуда паст экани қайд этилган. Профессор Алтун эса ўз мактубида ўлим даражаси Туркияда Германиядан ҳам икки баравар камлиги, бу эса Европадаги энг паст кўрсаткич эканини асослаган.

Таъкидланишича, Туркия коронавирусга қарши кураш стратегиясини яратиш учун етакчи тиббиёт мутахассисларидан иборат илмий кенгаш тузган. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон маъмурияти мамлакатни пандемиянинг илк кунлариданоқ соҳа мутахассислари тавсиясига мувофиқ бошқармоқда. Ҳозирда мамлакатда коронавирусдан соғайганлар сони 70 мингга яқинлашди.

Қайд этилишича, The New York Times газетаси ўз хатосини тўғрилаган ҳолда, Фахриддин Алтуннинг мактубини чоп этган.

Бундан аввалроқ Туркия президенти ҳузуридаги Матбуот ва коммуникация бошқармаси раҳбари расмий Анқара коронавирусга қарши кураш доирасида дунёнинг 60 га яқин мамлакати, жумладан, АҚШга инсонпарварлик ёрдами жўнатгани ҳақида маълум қилган эди.

Профессор Алтунга кўра, инсонпарварлик ёрдамидан асло сиёсий ғараз кўзлангани йўқ, зеро, мусибатзадаларга кўмакка ошиқиш ва елкадош бўлиш асрлар мобайнида Туркия халқининг фазилати бўлиб келган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг