Медведев Россияни сақлаб қолиш кафолати нима эканини очиқлади
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, собиқ президент Дмитрий Медведев «Телеграм»даги расмий саҳифасида ядро қуроли борасида тагмаъноли пост чоп этди.
Кремль мулозими СССРнинг биринчи ва сўнгги президенти Михаил Горбачёвнинг ўлимига муносабат билдирар экан, ядро қуролига эга давлатнинг парчаланиши инсоният ҳаётига нуқта қўйиши, Ер сайёрасини яксон этишидан баҳс этади. Айни чоқда, у ядро қуролини «Буюк Россияни сақлаб қолишнинг энг яхши кафолати» деб атайди.
Август ойида бошида Д.Медведевнинг «ВКонтакте» тармоғидаги расмий саҳифасида чоп этилган СССРни қайта тиклашга доир пост ҳам жиддий баҳслар уйғотганди.
Россия қўшини Украинага бостириб кириши ортидан коллектив Ғарб расмий Москвага нисбатан мисли кўрилмаган молиявий жазо ва чекловлар жорий этди. Кейинги пайтларда боши берк кўчага кириб қолган Россия раҳбарияти ядро қуролини ишга солиши эҳтимоли борасида жиддий хавотирлар янграмоқда. Жумладан, АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий ҳаракатлар сабаб президент Владимир Путин тактик ядро қуролини ишга солиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган.
Украина президенти Владимир Зеленский Ғарб мамлакатларидан кўпроқ ҳарбий кўмак сўрар экан, Россия раҳбарияти ядро ёки кимё қуролини ишга солиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Украина мудофаа вазирлиги эса ядро қуролини Путин қўлидаги сўнгги «кўзир қарта» деб атаган.
Россия 6000 га яқин ядро каллакларига эга экани айтилади. Жорий йил 27 февраль куни, Украина босқини бошланганидан бир неча кун ўтгач, Путин мудофаа вазирлигига ядро қуролига алоқадор кучларни ҳарбий навбатчиликнинг махсус режимига ўтказиш ҳақида буйруқ берган эди. Мазкур таҳдидли баёнот ортидан эҳтимолий ядро зарбаси хусусида муҳокамалар қизғин тусга кирди.
Куни кеча Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков агар мамлакатнинг мавжудлиги таҳдид остида қолса ёки унинг иттифоқчиларига қарши оммавий қирғин қуроли қўлланса, Москва ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter