Қозоғистон президенти давлат суверенитетини муқаддас қадрият деб атади

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 25 октябрь – Республика куни муносабати билан мамлакат халқига табрик йўллади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
«Биз адолатли Қозоғистонни барпо этишга киришдик. Бу юксак мақсадга фақат қозоғистонликларнинг жонбозлиги билан эришишимиз мумкин. Чунки давлатнинг бош таянчи ва бебаҳо бойлиги – унинг халқидир. Биз бу тупроқларни жонидан ортиқ кўрган аждодларимиз ўгитларига содиқмиз. Бизнинг Қозоғистондан бўлак Ватанимиз йўқ. Биз мустақиллик ва давлатчилигимизни мустаҳкамлашни муқаддас бурч деб биламиз», – дейилади табрикда.
Қозоғистон бу йил Республика кунини 13 йиллик танаффусдан кейин илк бор нишонламоқда.
1990 йил 25 октябрда Қозоғистон Давлат мустақиллиги тўғрисида декларация қабул қилинган. Ушбу тарихий ҳужжатда Қозоғистоннинг мустақил давлат сифатидаги сиёсий-ҳуқуқий тамойиллари акс этган. 2001 йилда ушбу сана давлат байрамлари рўйхатига киритилган. 2009 йилда мамлакат биринчи президенти фармони билан Республика куни мазкур рўйхатдан чиқарилган. Бу йилдан президент Қ.Тўқаев таклифи билан ушбу сана яна давлат байрами сифатида нишонланмоқда.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда ҳам жамоатчилик вакиллари Мустақиллик декларацияси қабул қилинган санани (1990 йил 20 июнь) давлат байрами сифатида нишонлашни таклиф этиб келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter