Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мутлақо махфий! Давлат раҳбари саломатлиги ҳақидаги маълумот нега сир тутилади?

Мутлақо махфий! Давлат раҳбари саломатлиги ҳақидаги маълумот нега сир тутилади?

Фото: «finance.yahoo.com»

Германия канцлери Ангела Меркелни расмий қабул пайти бир неча бор титроқ тутиб қолиши, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг «ўлди»га чиқарилиши баҳонаи сабаб бўлдию баҳс-мунозара яна авж олди: давлат ва ҳукумат раҳбарларининг саломатлиги ҳақидаги маълумотлар сир тутилиши керакми? Ёки халқ ўзи ишонч билдириб сайлаган олий мартабали зотлар сиҳати хусусидаги маълумотлардан воқиф бўлишга ҳақлими?

«Президент нега бунча озғин, мабодо касал эмасми?..»

Аввалдан айтиб қўяйлик, давлат ва ҳукумат раҳбарларининг саломатлиги хусусидаги ахборот ҳатто демократия ватани саналган Ғарб мамлакатларида ҳам элга дастурхон қилинавермайди. Бунга яқин тарихдан ҳам, бугундан ҳам мисоллар талайгина.  

Фото: «Голос Америки»

АҚШ. Дональд Трамп Қўшма Штатлар раҳбарлигига сайланганидан буён унинг сиҳати ҳақида хуш-нохуш гаплар тарқалгани тарқалган. Биров Оқ уй раҳбари Альцгеймер хасталигига чалинган дейди, бошқа биров уни ақлий заиф деб гумон қилади. Президентнинг шахсий шифокори олийшаън мижози саломатлигида муаммо йўқ эканини таъкидлайди. Трамп эса камтарлигу камсуқумликни бир четга қўйиб, ўзини фавқулодда заковат соҳиби – гений деб атайди.

Қўшма Штатларда президентнинг бетоб бўлиши давлат аҳамиятига молик масала саналади. Гап шундаки, мамлакат конституциясига киритилган 25-ўзгартиришда президент вазифасини бажара олмай қолган тақдирда муддатидан олдин ваколатини топшириши қайд этилган. Ҳуқуқшунослар эса ушбу моддада айнан давлат раҳбарининг саломатлиги ёмонлашуви кўзда тутилган, деб талқин этадилар.

Яқин ўтмишда Америка кенг жамоатчилиги президентнинг аҳволи ҳақида у қадар кўп маълумотга эга бўлмаган. Масалан, Вудро Вильсон (1913-1921) бир неча бор инсульт бўлган, ҳатто бир гал давлат раҳбарининг аҳволи оғирлашганда рафиқаси президент вазифасини бажариб турган. Аммо бу ҳол оммага ошкор этилмаган.

1961 йил 20 январда 43 ёшли Жон Кеннеди Қўшма Штатлар президенти сифатида қасамёд қилади. Янги раҳбар кўп миллионли омма меҳрини қозонади. Аммо навқирон вужуд хаста экани, президентнинг умуртқа поғонаси ва буйраги хаста эканидан халқ бехабар эди. Маълумотларга қараганда, Кеннеди қотил ўқига нишон бўлгунга қадар, икки ярим йил раҳбарлик даврида тўққиз марта  шифохонага ётган, аммо бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилинмаган.

Эндиликда АҚШда президентликка номзодларнинг йиллик тиббий кўриги натижаларини жамоатчиликка эълон қилиш урфга кирмоқда.

Фото: «Известия»

Франция. Фаранг диёрида президентнинг саломатлиги сир пардаси остидаги мавзулардан саналади. Шу боисми Бешинчи республикада ҳам турфа овозалар тарқалиши одатий ҳолга айланган. Маҳаллий матбуотда амалдаги президент Эммануэль Макроннинг хийла озғинлиги кўп ва хўб муҳокама этилган: давлат раҳбари нега бунча ориқ, ишқилиб сиҳати жойидами, мабодо касал-пасал эмасми?.. Елисей саройи воизлари эса давлат раҳбарининг саломатлигидан жилла хавотирга ўрин йўқлигини уқтириб келади.

Дарвоқе, Францияни 1981-1995 йилларда бошқарган Франсуа Миттеран простата саратонига чалингани кўп йиллар махфий сақланган. Операция зарурати туғилгандагина бу ҳақда оммага маълум қилинган.

Салтанатда сир ётмас

Авторитар тузумдаги давлатларда етакчиларнинг саломатлиги ҳақидаги маълумотлар қаттиқ сир тутилади: «Ўлимдан хабарим бор, Биринчининг бемор эканидан хабарим йўқ!». Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, салтанатдаги сирларни ҳам яшириш амримаҳол.

Фото: «ТСН»

Шимолий Корея. Ҳокимиятни бобосию отасидан мерос қилиб олган 35 яшар Ким Чен Иннинг саломатлигига жиндек шубҳа билдириш бошни жаллод кундасига қўйиш билан баробар. Айтишларича, қисқа фурсатда «доҳийлик»нинг ҳавосини олган ёш раҳбарнинг луғатида «раҳм-шафқат» сўзи йўқ. Зийрак кузатувчилар фикрича, Шимолий Корея раҳбари юрак хасталиклари, қандли диабет ва яна бошқа дардларга чалинган. Ғарб матбуоти эса Ким Чен Ин хасталиклар ва уйқусизлик сабаб кейинги йилларда оз эмас, 30-40 килограмм вазн йўқотган, деб ҳисоблайди.

Фото: «Россия1»

Венесуэла. Уго Чавес 2012 йил октябрда президентлик сайловида қатнашиб, тўртинчи бор давлат раҳбарлигига сайланди. Аввалроқ Чавес саратонга чалингани, аммо хасталикни енггани ҳақида расмий баёнот берилган эди. Аммо сайловдан кейин маълум бўлдики, саратон чекингани ҳақидаги гаплар ёлғон экан. Уго Чавес инаугурация маросимида ҳам қатнаша олмай вафот этди. Мамлакат эса сиёсий инқироз домида қолди. Мухолифат давлат раҳбарининг бетоб экани яширилганини «халққа ҳурматсизлик» деб атади.

Фото: «glavred.info»

Россия. Владимир Путиннинг саломатлиги ҳақида маълумотлар қаттиқ муҳофаза этилади. Йигит кишига қирқ ҳунар оз деганларича бор. Томошабин Путинни ҳали хоккей ўйнаётган, ҳали балиқ тутаётган, ҳали чавандозлик қилаётган, ҳали дзюдо гиламида беллашаётган ҳолда кўради. Кремль етакчиси телевидениеда камнамо бўлиб қолса борми, яшин тезлигида унинг хасталиги ҳақида мишмишлар тарқалади. Аммо собиқ разведкачининг саломатлиги ҳақидаги овозаларнинг қай бири рост-у, қай бири ёлғонлигини аниқлаш, рус халқи таъбири билан айтганда, сомон ғарами орасидан игна қидиришдек мушкул юмуш.

Муҳокама этилаётган мавзу борасида таҳлилчилар икки “лагер”га бўлинган. Оз сонли мутахассислар давлат ва ҳукумат раҳбари саломатлиги ҳақидаги маълумотлар тиббиёт сири эканини таъкидлайди. Кўпчилик эса, давлатни идора этаётган етакчининг аҳволи руҳиясидан халқ–электорат–сайловчи хабардор бўлмоғи шарт, деб ҳисоблайди.

Мақола аввалида Германия канцлери ва Туркманистон президентини ёдга олган эдик. 65 ёшли Меркель хоним яқинда саломатлигидан хавотирланишга асос йўқлиги,  2021 йилга қадар канцлер лавозимида қолиш истагида эканини маълум қилди. Туркманистон олий раҳбарияти эса Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўлими ҳақидаги овозаларни шунчаки рад этиш билан чекланмади. Узунқулоқ гапларга қараганда, президент қўққис вафот этгани ҳақида хабар тарқатганларни ҳибсга олиш аллақачон бошланди...

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг