NASA Ойга парвозни кечиктирди
NASA ўзининг «Артемида» (Artemis) Ой дастури жадвалига жиддий ўзгартиришлар киритди. NBC ёзишича, фазогирларнинг Ой юзасига қўниши 2028 йилда, «Артемида-4» миссияси доирасида амалга оширилиши кутилмоқда.
Эски режага кўра, инсоннинг Ойга қўниши 2027 йилги «Артемида-3» миссиясида амалга оширилиши керак эди. Бироқ, режа ўзгарди ва «Артемида-3» миссияси фақат Ер қуйи орбитасида технологик синовлар билан чекланади.
NASA агентлиги Space Launch System (SLS) ракета-ташувчисини ишлаб чиқаришни тизимлаштирмоқчи. Бу парвозлар орасидаги вақтни ҳозирги 3 йилдан 10 ойгача қисқартириш имконини беради. NASA маъмури Жаред Айзекман бу қарорни дастурнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш учун «курсни тўғрилаш», дея таърифлади.
Ойга қўниш кечиктирилган бўлса-да, яқин кунларда тарихий воқеа юз бериши кутилмоқда. 50 йилдан ортиқ танаффусдан сўнг илк бор инсон иштирокидаги Ой атрофини айланиб чиқиш (фазогирлар Ойга қўнмасдан қайтади) — «Артемида-2» миссиясига тайёргарлик якунланди. Агар ёнилғи қуйиш ва бошқа якуний синовлар муваффақиятли ўтса, 6 март куни Ой томон учадиган фазовий кемага старт берилиши кутилмоқда.
Инсон охирги марта Ой юзасига 1972 йилнинг декабрида («Аполлон-17») қадам қўйган. Ўшанда фазогирлар — Южин Сернан ва Ҳаррисон Шмитт Ойда 3 суткадан кўпроқ вақт давомида илмий тадқиқотлар олиб боришган. 2028 йилги миссия инсониятнинг ярим асрлик танаффусдан кейинги илк қайтиши бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter