Навальнийнинг ўлими юзасидан халқаро тергов ўтказилиши керак – Боррель
Россия раҳбарияти мухолифат сиёсатчи Алексей Навальнийнинг тўсатдан рўй берган ўлими юзасидан мустақил, шаффоф халқаро тергов ўтказишга рухсат бериши лозим. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель томонидан берилган баёнотда сўз боради.
«Европа Иттифоқи Россиянинг мухолифатдаги сиёсатчиси Алексей Навальнийнинг ўлими ҳақидаги хабардан дарғазаб бўлди. Бунинг учун жавобгарлик пировардида президент Путин ва Россия ҳукумати зиммасига тушади», – дейилади ЕИ номидан берилган баёнотда.
Боррель Навалнийга аввалроқ Россия Федерацияси расман қўшилган Кимёвий қуролни тақиқлаш ҳақидаги конвенцияда ман этилган «Новичок» туркумидаги модда қўллаш орқали суиқасд уюштирилгани ва у даволанишдан кейин Россияга қаҳрамонона қайтганини ёдга олган.
Дипломатга кўра, Навальний сохта сиёсий ҳукмлар билан Сибирдаги қаттиқ режимли колонияга ташланган, дунёдан ажратиб қўйилган, ҳатто унинг адвокатларига босим ва таҳдид ўтказиб келинган.
«Европа Иттифоқи унинг заҳарланиши, қонуний сиёсий ва коррупцияга қарши фаолияти учун унга нисбатан қўлланган барча сиёсий уйдирма қарорларни бир неча маротаба кескин қоралаган ва ҳеч қандай шартларсиз зудлик билан озод этишга чақирган», – дейди ЕИ бош дипломати.
Таъкидланишича, Навальний бутун ҳаёти давомида Россия бўйлаб коррупцияга қарши курашди ва мисли кўрилмаган жасорат ва ўз мамлакати ҳамда халқига садоқат намунасини намойиш этди. Шу сабабли ҳам Путин ва унинг режими Украинага тажовузкорона уруши шароитида ва март ойида бўладиган президент сайлови олдидан ундан қўрқар эди.
ЕИ Навальнийни хотирлаш тадбирларида қатнашгани учун қамоққа олинганлар, шунингдек, Россия тутқунгоҳларидаги Юрий Дмитриев, Владимир Кара-Мурза, Илья Яшин, Алексей Горин, Ксения Фадеева, Александр Скочиленко, Иван Сафронов каби сиёсий маҳкумларни зудлик билан, шартларсиз озод қилишга чақирган.
«Европа Иттифоқи ўз шериклари билан кенг ҳамкорликда Россиянинг сиёсий раҳбарияти ва ҳукуматини жавобгарликка тортиш ва ўз хатти-ҳаракатларига, шу жумладан, санкциялар воситасида жавоб беришга мажбурлаш учун барча чора-тадбирларни ишга солади», – дейди Ж.Боррель.
Навальнийнинг кутилмаган ўлими Россиядаги кучайиб бораётган тизимли қатағонларнинг яна бир аломати деб баҳоланган.
Аввал хабар берганимиздек, 16 февраль куни Россия Федерацияси Ямало-Ненец автоном округи федерал жазони ижро этиш хизмати мухолифатчи А.Навальний вафот этгани ҳақида хабар берди.
Ғарб давлатлари 47 ёшда ёруғ дунё билан хайрлашган сиёсатчининг ўлимида Россия раҳбарияти, хусусан, Путинни айбламоқда
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter