Очлик эълон қилган сохта сиёсатчининг тақдири

Ҳозирги ёш авлод билмас, аммо катта авлод вакиллари яхши эслайди. 1986 йилнинг 23 сентябрь куни АҚШ президентининг Вашингтондаги Оқ уй қароргоҳи олдидаги майсазорда (айтиб қўяй бу майсазорда ҳар ким бемалол юриши мумкин, 2019 йил Жалолбек Йўлдошбеков, Рустам Жабборов билан бирга бу ерда бўлганмиз, бир ялонғоч девонанинг скамейкада ётволиб бақир-чақир қилгани ҳамон кўз олдимда) астрофизик Чарльз Хайдер очлик эълон қилди.
Ўша йиллари Москва ва Вашингтон ўртасидаги алоқалар илиқлаша бошлаган эди. Аммо кимларгадир бу нарса ёқмасди. Шу сабабли аксиламерика тарғиботчилари алоқалар илиқлашмаслиги учун роса ҳаракат қилди. Генрих Боровик «Бешинчи авеньюдаги Инсон» («Человек с Пятой авеню») деб номланган фильмни суратга олди. Унда ишсиз қолгани оқибатида очлик эълон қилган Джозеф Маури америка даҳшатли ҳаёти ҳақида совет журналистига сўзлаб беради. Суҳбатда оддий америкаликларнинг қашшоқлиги, кўчаларга тўлиб кетган уйсизлар ҳақида ҳикоя қилинади.
23 сентябр куни Оқ уй қаршисидаги Лафайет-паркда қўним топган «Доктор Хайдер» очлик эълон қилади ва президент Рональд Рейгандан қуролланиш пойгасини тўхатишни, ядро каллакларини йўқ қилишни, халқаро масалаларда куч ишлатиш сиёсатидан воз кечишга чақиради. Акс холда Рождество байрами арафасида халок бўлиши билан пўписа қилади. Президент Рейган бечорага эътибор қаратмайди. Унга шунчаки Вашингтондаги дайдилардан бири сифатида қарайди. Айтиб қўяй бу эркакнинг бўйи 188 сантиметр, вазни 135 килограмм эди. Буларни нимага ёзаяпман. Таҳлилчилар унинг очлик эълон қилиши фойда берганини айтишади (у етти ойда 45 килограмм вазн ташлади). Аслида ҳам шифокорлар доктор Хайдерга ортиқча вазндан ҳолос бўлиш учун парҳез (диета)га риоя қилишини маслаҳат берган эди. Шу сабабли ҳам у бир ўқ билан иккита қуённи уришни лозим кўрди, парҳезга ўтиришни тинчлик учун курашга боғлаб юборди. Таъкидлаб ўтганимиздек президент Рейган ҳам, америка ОАВ ҳам унга аҳамият бермади. Чунки АҚШ эркин мамлакат: ҳар ким ҳоҳлаган ишини қилиши мумкин.
Доктор Хайдерни СССР Давлат телерадио компаниясининг Вашингтондаги мухбири Владимир Дунаев «кашф қилди». Унинг америкалик тинчлик ҳимоячиси ҳақидаги лавҳаси деярли ҳар куни намойиш қилинарди. Совет кишилари соқолли «доктор Хайдер» ҳаётига қизиққанлиги боис ҳам ҳар куни соат 21.00да «Время» кўрсатувини кутишарди. Кейинчалик маълум бўлишича, Дунаев доктор Хайдернинг олдига ҳар куни боравермай, бир боришда бир нечта либос кийдириб беш-олтита лавҳа тайёрлаб келар экан.
Совет Иттифоқи меҳнаткашлари, хатто талаба ва ўқувчилар ҳам доктор Хайдерга раҳмлари келар ва очликни тўхтатиши ҳақида мактублар ёзишарди. Михаил Горбачев эса Хайдерга мурожжат қилиб, СССРга келиб ишлашни таклиф қилди. Горбачевнинг бахтига доктор Хайдер СССРга келишни истамади.
Рождествага икки ҳафта қолганида Хайдер фикрини ўзгартирганини, Рождества куни эмас Янги йилда ўлишга қарор қилганини айтди. Аммо Янги йилда ҳам ўлмади. Горбачевнинг мурожаатидан сўнгина Америка ОАВ «Доктор Хайдер» билан қизиқиб қолди. The Washington Post газетаси шифокорлар билан маслаҳатлашди. Мутахассисларнинг фикрича, агар Хайдер фақат сув, гоҳида денгиз тузини ичган тақдирда ҳам аллақачон ўлиб кетган бўлиши кераклигини айтишди. Демак у витаминлар ва мевалар шарбатини қабул қилиб турган. Доктор Хайдер кечқурун овқатланиш учун яқин атрофдаги черковга бориб туриши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди. Умумий ҳисобда Хайдер 218 кун очлик эълон қилди(очлик 1987 йил майигача давом этди). Шифокорлар бунинг имкони йўқлигини айтиб келишади. Чунки у очликни тўхтатганидан кейин тўйиб овқатлангани сир эмас. «Етти ойлик очликдан сўнг тўйиб овқатланган киши ёрилиб ўлиши аниқ», дейди шифокорлар.
Ақлли инсонлар Совет Иттифоқининг ўзида ҳам Хайдер устидан кула бошлади. Ўша йиллари русчада айтилган «Хайдер был, Хайдер ест, Хайдер будет есть» сўз ўйини ўзбекчага таржима қилинса мағзини йўқотади,
Доктор Хайдер очликдан сўнг сиёсий дивиденд тўплай бошлади. У АҚШ президентлигига номзодини қўймоқчи бўлди, аммо 1988 йилги сайловда бирорта ҳам овоз олмади. Чунки америкаликлар ёлғончиларни кечиришмайди. Ҳатто Совет Иттифоқи билан ҳам уришиб қолди. Тарғиботчилар ва ОАВга юқоридан америкалик тинчлик ҳимоячисини унутиш борасида топшириқ келди.
90-йиллар сўнгида Хайдер яна бир бор очлик эълон қилди. Аммо бу гал ҳеч ким унга эътибор бермади. Хотини ва фарзандлари ундан юз ўгирди. У 2004 йил 74 ёшида Қариялар уйида вафот этди.
У уддабуронлик қила олмади. Чунки сиёсат майдонига интиладиган ҳар бир шахс ортида билимдон продюсер туриши кераклигини у англаб етмаган эди.
Шарофиддин Тўлаганов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter