Путин 71 ёшини қандай нишонлайди?

Россия президенти Владимир Путин бугун, 7 октябр куни ўзининг туғилган кунини нишонлайди.
Путин туғилган кунини иш ўрнида ўтказади. Бу йил унинг таваллуд куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 октабр куни бошланган ва шанба кунига қадар давом этадиган расмий ташрифига тўғри келди.
ТАСС хабарига кўра, давлат раҳбарлари Россия-Ўзбекистон муносабатларини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилмоқда, «Газпром» томонидан Ўзбекистонга Россия газини етказиб беришни йўлга қўйиш алоҳида ўрин тутмоқда.
Россия президентининг сўзларига кўра, ушбу йўналиш бўйича тўлиқ етказиб бериш октябрь ойида бошланади ва аста-секин ошиши мумкин.
Ушбу транзитни ишга тушириш маросимида Шавкат Мирзиёев билан бирга Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам иштирок этади.
«Бу биринчи марта содир бўлмоқда. Тарихда ҳеч қачон Россиядан Марказий Осиёга газ юборилмаган», – деди Путин. Унинг таъкидлашича, улар бу борада Ўзбекистон раҳбари билан бир неча ой аввал келишиб олган.
«Рекорд вақт ичида Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон бундай етказиб бериш учун шарт-шароит яратди. Газимиз Қозоғистон орқали транзит йўлида Ўзбекистонга, ёқилғининг бир қисми эса Қозоғистонга етказилади», – деди Путин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Владимир Путин ўзининг туғилган кунида МДҲ давлатларининг норасмий саммитини ўтказган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter