Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Агар СССР парчаланмаганда эди…» – Путин баҳсли мавзудан гап очди

«Агар СССР парчаланмаганда эди…» – Путин баҳсли мавзудан гап очди

Фото: РИА «Новости»

Агар мамлакат икки марта парчаланмаганда, Россия аҳолиси 500 миллион кишига етар эди, деди Россия президенти Владимир Путин 1 сентябрь куни Владивостокда мактаб ўқувчилари билан учрашувда.

Путинга кўра, Россия давлатчилиги икки марта 1917 йилги инқилобдан кейин ва 1991 йилда CCCР тарқалиб кетгач парокандаликка юз тутди.

Ҳозирда Россия аҳолиси 146 млн кишини ташкил этади. 

«Ушбу фожиалар рўй бермаганда (1917 йилги революция ва қизил империянинг парчаланишини назарда тутилмоқда – таҳр.), аҳоли 500 млн атрофида бўлар эди. Фарқни кўряпсизми? Давлатнинг ялпи қудрати геометрик прогрессия тартибида ошар эди», – деди В.Путин.

Россия раҳбари мазкур рақамларни қайси асосга кўра келтираётганини очиқламаган. Собиқ Совет Иттифоқида 1989 йилда ўтказилган ҳисоб-китобга кўра, 15 та республиканинг аҳолиси 286 млн 730 минг 817 (жумладан, РСФРда 147,4 млн) нафарни ташкил этган. Русия империясига келсак, 1897 йили 128,2 млн киши оқпошшо ҳукми остида яшаган. 

Владимир Путин СССРнинг парчаланишини XX асрнинг йирик геосиёсий фожиаси деб билади.

«Мени Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан таассуфда эканим сабаб тез-тез танқид қилишади. Биринчидан ва асосийси, Совет Иттифоқи парчалангач, рус миллатига мансуб 25 миллион киши бир кечада хорижда қолиб кетди ва бу чиндан ҳам XX асрнинг йирик фожиасидир», – дея ўз позициясини шарҳлаган у интервьюларидан бирида. 

Россия раҳбари СССР борасида аввал ҳам баҳсли баёнотлар берган. Хусусан, 2020 йилда «Россия. Кремль. Путин» номли ҳужжатли фильм учун берган интервьюсида СССР таркибида бўлган республикалар Иттифоқ таркибидан чиқиш пайти ўзи билан Россияга тегишли улкан ҳудудларни ҳам олиб чиқиб кетганини даъво қилган. Cиёсий таҳлилчилар бу ўринда В.Путин Украина ва Қозоғистонни назарда тутганини айтган. Россиялик таниқли олим, тарих фанлари доктори Сергей Абашин «Россияга азалдан тегишли бўлган ҳудудлар бошқа давлатларга ўтиб кетгани»га илмий раддия берган.

Кремль соҳибининг жорий йил 12 июль куни эълон қилинган «Руслар ва украинларнинг тарихан бирлиги ҳақида» деб номланган мақоласи ҳам қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Рус ва украин тилида эълон қилинган мақолада муаллиф замонавий Украинанинг ташкил топиши СССР даври маҳсули эканини таъкидлайди. Мақолада, шунингдек, большевиклар чегараларни ўзбилармонлик билан ўзгартириб, Россия ҳудудини бошқаларга туҳфа қилиб юборгани, ҳудудлар талон-торож этилгани даъво қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг