Қирғизистон собиқ президентининг уйи мусодара қилинди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг оила аъзолари Қўйтош қишлоғида жойлашган уйидан мажбурлаб чиқарилди, деб хабар берди «Интерфакс».
«Айримлари милиция кийимидаги, баъзилари оддий кийинган одамлар келишди ва куч ишлатиб, эшикни бузиб очишди. Ҳужжатларини кўрсатишмади», — деб ёзди ижтимоий тармоқда собиқ президентнинг қизи Алия Шагиева.
Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш агентлиги Атамбаевнинг Қўйтош қишлоғидаги уйи жойлашган ер суд қарори билан давлат мулкига қайтарилганини маълум қилди. Уйнинг ўрнида қариялар уйи ва болалар боғчаси қурилиши режалаштирилган.
3 июн куни Бишкекнинг Первомайск туман суди Атамбаевни сиртдан 11 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиб, мол-мулкини мусодара қилди. У коррупция, оммавий тартибсизликлар уюштириш, шунингдек, Қўйтош қишлоғидаги ер майдонларини ноқонуний қўлга киритишда айбдор деб топилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter