Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга амалий ташрифи якунланди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига амалий ташрифи якунланди.
Ташриф доирасида давлат раҳбари Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилишида иштирок этди.
Саммитда ШҲТнинг 25 йиллик фаолияти сарҳисоб қилиниб, ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди. Йиғилиш якунида Бишкек декларацияси ва қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, БМТнинг адолатли кўп қутбли дунё тартиботини шакллантиришдаги ролига бағишланган “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда нутқ сўзлади.
Президент “ШҲТ плюс”ни минтақалараро мулоқот майдони сифатида ривожлантириш, минтақавий ташкилотларнинг Ҳамкорлик тармоғини яратиш, лойиҳа ва технологияларнинг Очиқ банкини шакллантириш ҳамда “ШҲТ Инвест” форумини доимий платформага айлантиришни таклиф қилди.
Саммит доирасида Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Россия Президенти Владимир Путин ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан музокаралар ўтказди.
Шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Бишкекда Ўзбекистон Президенти рафиқаси билан бирга VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида ҳам иштирок этди.
Ташриф тадбирлари якунлангач, давлат раҳбари Тошкент шаҳрига қайтиб келди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter