Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара демаркацияси доирасида ҳудуд алмашди
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида давлат чегарасини демаркация қилиш ишлари доирасида Ўзбекистон ҳудудида бўлган Чўнғара ва Тоштепа қишлоқлари Қирғизистон таркибига ўтди.
Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур аҳоли пунктлари аввал Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти таркибида бўлган. Қишлоқларда яшовчи тахминан 2,5 минг нафар аҳоли этник қирғизлар ҳисобланади.
Маълум қилинишича, энди ушбу ҳудудларда рўйхатдан ўтказиш ишлари амалга оширилади ва жараён якунланганидан сўнг аҳолига Қирғизистон фуқаролиги берилади.
Қирғизистон томони билдиришича, ушбу қишлоқлар эвазига Ўзбекистонга чегара ҳудудида майдони тенг бўлган ер участкалари берилган.
Шунингдек, Сай қишлоғидан Таян қишлоғигача автомобиль йўли қуриш мақсадида умумий майдони 236 гектар бўлган тенг қийматли ер участкалари ҳам ўзаро алмашилган.
Қирғизистон расмийларининг таъкидлашича, янги йўл қурилиши тугаллангач, Баткен вилояти аҳолиси Айдаркендан Баткен шаҳригача бўлган масофани ҳозирги 225 километрлик айланма йўл ўрнига тахминан 55 километр орқали босиб ўтиш имкониятига эга бўлади.
Аскат Алагозовнинг айтишича, Қозоғистон томонига ҳам Тўқмоқ шаҳри яқинидаги 800 метрлик йўл участкаси бўйича тенг қийматли ер майдонларини алмашиш таклифи киритилган. Лойиҳа амалга оширилса, Алмати кўчасидан Кемин шаҳригача бўлган қарийб 150 километрлик пуллик автомагистрални барпо этиш имкони пайдо бўлади.
Қирғизистон президенти матбуот котиби бу каби чегара ва инфратузилма масалалари сиёсий баҳс ва спекуляциялар мавзусига айлантирилмаслиги кераклигини ҳам таъкидлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter