Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россияда айрим мигрантлар учун рус тили имтиҳони бекор қилиниши мумкин

Россияда айрим мигрантлар учун рус тили имтиҳони бекор қилиниши мумкин

Фото: ТАСС

Россия Ички ишлар вазирлиги айрим тоифадаги чет эл фуқаролари учун мажбурий имтиҳонларни бекор қилишни таклиф этмоқда. Гап Россиянинг Узоқ Шарқ ва Арктика ҳудудларида фаолият юритувчи резидент корхоналарга ишга жойлашаётган мигрантлар ҳақида кетмоқда. Улар рус тили, Россия тарихи ва қонунчигини билиш мажбуриятидан озод бўлиши мумкин.

Ушбу ташаббус мазкур ҳудудларга кўпроқ инвестиция жалб қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Расмийларнинг фикрича, қоидаларнинг соддалаштирилиши тадбиркорларга зарур мутахассисларни тезроқ топиш ва мамлакат учун муҳим лойиҳаларни ривожлантириш имконини беради.

Қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида айтилишича, бу қарор компаниялар учун қулай иш шароити яратишга хизмат қилади. Ташаббус муаллифлари ортиқча тўсиқларнинг олиб ташланиши жадал ривожланаётган ҳудудларнинг равнақ топишини тезлаштиришига ишонч билдирмоқда.

Россия қонунларига кўра, мамлакатда ишлаш учун рухсатнома олмоқчи бўлган барча чет элликлар мажбурий тартибда қатор имтиҳонларни топшириши шарт. Улар рус тилини камида бошланғич (А1) даражада билишлари, шунингдек, Россия тарихи ва қонунларидан хабардор бўлишлари лозим. Имтиҳондан ўтганлик ҳақидаги сертификат уч йил муддатга берилади.

Янги ўзгартиришлар хорижлик фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги қонуннинг 15-моддасига киритилади. Бу қоида фақат жадал ривожланиш ҳудудларининг расмий резиденти ҳисобланган иш берувчилар қўлида меҳнат қиладиган ишчиларга нисбатан тааллуқли бўлади, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг