Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россияда туғилишни кўпайтириш мақсадида ёш оилаларга тунда интернетни чеклаш таклиф этилди

Россияда туғилишни кўпайтириш мақсадида ёш оилаларга тунда интернетни чеклаш таклиф этилди

Россиянинг Брянск вилояти думаси депутати ва «Россия православная» ҳаракати раҳбари Михаил Иванов ёш оилалар ўртасида туғилиш даражасини ошириш мақсадида тунги пайтда интернетдан фойдаланишни чеклашни таклиф этди. Бу ҳақда у «Абзац» нашрига берган интервюсида маълум қилган.

Ивановга кўра, интернет янги турдаги руҳий қарамликка айланиб, оилавий қадриятларга жиддий таҳдид солмоқда.

«Ёшлар бир-бирлари билан мулоқот қилиш, муносабат қуриш ва фарзандли бўлиш ҳақида ўйлаш ўрнига, соатлаб лента айлантириш, ўйин ўйнаш ёки сериал кўриш билан банд», — деди депутат.

Унинг таъкидлашича, интернетга боғлиқлик Россиядаги демографик хавфсизликка таҳдид солаётган омиллардан биридир. Шу боис, Иванов ёш, лекин ҳали фарзанд кўрмаган оилалар учун интернетдан фойдаланишни кечки 23:00 дан 02:00 гача чеклашни таклиф этган.

«Биз тўлиқ назоратни жорий этиш тарафдори эмасмиз. Аммо агар ёшлар ҳар тунни телефонда ўтказса, бир-бирига эътибор қаратмаса, бу муносабатлар учун тўғри йўл эмас», — дея қўшимча қилди у.

Иванов шунингдек, маҳаллий шифокорлар ва оилавий психологлар ёшларга ёрдам бериши, жонли мулоқот ва оила қуриш масалаларида онгли ёндашувни тушунтириши мумкинлигини таъкидлади.

Маълумот учун, шу йил май ойи охирида «Соловёв Ливе» дастури бошловчиси Сергей Мардан ҳам шунга ўхшаш таклиф билан чиқиб, фарзанди бўлмаган фуқаролар учун нафақани бекор қилишни илгари сурганди. Унга кўра, бу каби чораларгина демографик муаммоларни ҳал этишда самара бериши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг