Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россиялик сиёсатшунос Европага ядро бомбаси ёғдиришни таклиф қилди

Россиялик сиёсатшунос Европага ядро бомбаси ёғдиришни таклиф қилди

Фото: РИА «Новости»

Президент Владимир Путин командасига мансуб сиёсатшунос Сергей Караганов Россия раҳбариятини Европа мамлакатларига қарши ядро қуроли қўллашга ундади. Сиёсатшунос бу Ғарб иродасини синдириш ва Украина урушида ғалаба қозониш омили эканини таъкидлаган.

Муаллифнинг шу мазмундаги мақоласи «Профиль» журналида чоп этилган. «Россия в глобальной политике» журнали эса уни кўчириб босган. «Россия в глобальной политике» ўз даврида АҚШнинг «Foreign Affairs» журнали каби нуфузли нашрлардан саналган.

«Медуза» сайти тарих фанлари доктори Сергей Караганов Россия Хавфсизлик кенгаши ҳузуридаги илмий кенгаш аъзоси, Ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича кенгаш асосчиларидан бири эканига эътибор қаратган.

Қайд этилишича, Россия кучишлатар тизими раҳбарлари С.Карагановнинг айрим ғояларига хайрихоҳлик билдириб келади.

«Карагановнинг мақоласини унинг шахсий ташаббуси деб қабул қилиш мумкин. Яъни у мамлакат раҳбариятига Украинага қарши агрессиядан кейин мушкул ҳолатда қолган Россияни инқироздан қутқариш бўйича кескин чорани таклиф этаётир. Бошқа томондан, Караговнинг РФ Хавфсизлик кенгашига яқинлиги, унинг «Валдай» ташкилотидаги шахсий иштироки инобатга олинса, буни Россия ҳукуматидаги энг қудратли блок – кучишлатар тизимда тарқалган фикрнинг жамоатчиликка етказилиши деб баҳолаш мумкин», – деб ёзади «Медуза».

Кейинги вақтларда Россия олий раҳбарияти ядро қуроли ишга солиниши ҳақида гоҳ ошкора тарзда, гоҳ ишоралар билан баёнотлар бериб келмоқда.

2022 йил 27 февраль куни, Украина урушидан бир неча кун ўтгач, Путин мудофаа вазирлигига ядро қуролига алоқадор кучларни ҳарбий навбатчиликнинг махсус режимига ўтказиш ҳақида буйруқ берган эди. Мазкур таҳдидли баёнот ортидан эҳтимолий ядро зарбаси хусусида муҳокамалар қизғин тусга кирди.

Путин 2022 йил сентябрь ойидаги мурожаатида мамлакат ҳудудий яхлитлиги таҳдид остида қолса, Россия ядро қуролидан фойдаланиши ҳақида гапирган.

Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам Москва ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини бир неча бор писанда қилган.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс В.Путин Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий ҳаракатлар ортидан ядро қуролини ишга солиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган.

Аввал хабар берганимиздек, Марказий разведка бошқармаси собиқ директори, генерал Дэвид Петреус Россия ядро қуролини ишга солгудек бўлса, АҚШ ва НАТОнинг жавоби қандай бўлишини тушунтирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг