Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Собиқ ҳукумат раҳбари боши устида қора булутлар тўпланмоқда

Собиқ ҳукумат раҳбари боши устида қора булутлар тўпланмоқда

Буюк Британия полицияси Шотландия ҳукуматининг собиқ раҳбари Никола Стерженни ҳибсга олди. Cобиқ биринчи вазир Шотландия миллий партияси (SNP) маблағлари талон-торож этилишига доир иш доирасида қўлга олинган.

Стержен кечга яқин, айблов эълон қилинмаган ҳолда қўйиб юборилган. Тергов ва сўроқ яна давом этиши айтилмоқда. 

Аввалроқ ушбу жиноий иш доирасида Н.Стерженнинг турмуш ўртоғи, 1999 йилдан Шотландия миллий партияси ижрочи директори лавозимида фаолият юритган Питер Мюррелл ҳам сўроқ қилинган эди. Шунингдек, партиянинг Эдинбургдаги қароргоҳида тинтув ўтказилган.

Никола Стержен Буюк Британия сиёсатида узоқ йиллар марказий ўрин тутиб келган. 8 йил давомида ҳукуматга раҳбарлик қилган сиёсатчи Шотландия мустақиллиги курашчиси сифатида танилган.

Жорий йил март ойида у кутилмаганда истеъфога чиққан ва бу қарорини «йўлни ўзгаларга бўшатиш фурсати етгани» билан изоҳлаган эди.

27 март куни эса покистонлик муҳожир фарзанди бўлган Ҳумза Юсуф Шотландия миллий партияси раиси этиб сайланган. Шу тариқа у Шотландия тарихидаги илк мусулмон етакчи сифатида тарихга кирган.

Партия маблағларини ноқонуний ишлатишга доир тергов иши 2021 йил июль ойида очилган. Тергов идораси Шотландия мустақиллигига оид референдум ўтказиш учун йиғилган 600 минг фунт стерлинг нима мақсадда ишлатилганини ўрганмоқда.

Партия ҳисоботига кўра, 2017-2020 йилларда референдум учун 600 минг фунт стерлингдан зиёд маблағ йиғилган. Аммо референдум ўтказилмагани ҳолда, партия ғазнасидан катта миқдордаги маблағ харжлаб юборилган.  

Тахминларга кўра, Никола Стержен партия маблағлари ноқонуний сарфланганини билгани боис истеъфо берган. Сиёсатчининг ўзи эса айбсиз экани айтмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг