Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Сотқин бегона эмас» — «Ҳизбуллоҳ» раҳбарининг ўлдирилишига доир янги тафсилотлар очиқланди

«Сотқин бегона эмас» — «Ҳизбуллоҳ» раҳбарининг ўлдирилишига доир янги тафсилотлар очиқланди

Насруллоҳнинг ўлими АҚШ ва Исроилда байрам, Эрон ва Ливанда мотам ўлароқ қабул қилинди.

Фото: AP

Яқин Шарқдаги қудратли тузилмалардан бири «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати раҳбари Ҳасан Насруллоҳ 27 сентябрь куни Исроил армиясининг Ливан пойтахти Байрутга ҳужуми пайти ўлдирилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Қайд этиш жоизки, Исроил махсус хизмати 1992 йилдан буён «Ҳизбуллоҳ»га етакчилик қилиб келган Ҳасан Насруллоҳни ўлдириш учун ўн йиллар давомида уринган.

«Le Parisien» газетаси хавфсизлик важидан кўп йиллардан буён ерости бункерида яшаган ва жамоатчиликка жуда кам кўриниш берган Насруллоҳ қандай ўлдирилганига доир янги тафсилотларни очиқлади.

Француз нашрига кўра, «Ҳизбуллоҳ» таркибига кириб олган, аслида, Исроил фойдасига ишлаб келган эронлик агент Насруллоҳнинг манзилини Тель-Авивга етказган.

Ҳасан Насруллоҳ 27 сентябрь куни Исроил авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлган «Ҳизбуллоҳ»нинг дронлар бўйича қўмондони Муҳаммад Ҳусайннинг дафн маросимида қатнашган. Таъзия маросими Байрутнинг  Ҳарет-Ҳрейк туманида – ҳаракатнинг ерости қўмондонлик маркази яқинида ўтказилган. Бу вақтда Исроилнинг бункерга қарши авиабомбалар билан қуролланган F-35 учоқлари «нишон» ўз қароргоҳига қайтишини кутиб турган.

Куннинг иккинчи қисмида эронлик айғоқчи Исроилга Насруллоҳ қароргоҳга қайтганини маълум қилган. Ҳасан Насруллоҳ ерости штабига Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг махсус бўлинмаси саналган «Қудс» қўшини қўмондони ўринбосари, бригада генерали Аббос Нилфорушаннинг машинасида қайтган.

Яширин йиғилишда яна 12 қўмондон қатнашиши режалаштирилганди. Уларнинг барчаси бир ерда жамлангач, Исроил армияси мазкур бино ва унга туташ иншоотларни бомбалаган. 

Бомбаларнинг портлаш кучи шу қадар катта бўлганки, ҳудудда 30 метрлик ўра ҳосил бўлган. Фото: EPA/EFE

«Le Parisien» нашри Ҳасан Насруллоҳни ўлдириш учун ЦАХАЛ ҳар бири икки тонналик  6 та бомбани ташлагани ҳақида ёзган.

Бошқа манбалар «Ҳизбуллоҳ»нинг қароргоҳига ҳар бири бир тонналик 85 та бомба ташланган деб ҳисоблайди.

Бомба «ёмғир»ида «Ҳизбуллоҳ» қўмондонлари билан биргаликда эронлик юқори мартабали генерал Аббос Нилфорушан ҳам ҳалок бўлган.

Бомбаларнинг портлаш кучи шу қадар катта бўлганки, олтита бино буткул вайрон бўлган ва ҳудудда 30 метрлик ўра ҳосил бўлган.

Буюк Британиянинг «Financial Times» газетаси ёзишича, «Ҳизбуллоҳ» шиа ҳаракати 2012 йили Сурияда Башар Асад режимига яқиндан кўмак берган пайтда Исроил ҳаракатнинг ички тузилиши ва кураш усуллари билан яқиндан танишишга муваффақ бўлган.

Ўша кезлар эронпараст деб баҳоланадиган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати аъзолари сони кескин ортган. Яҳудий давлати махсус хизмати вазиятдан фойдаланиб, ҳаракат ичига ўз айғоқчиларини киритган.

АҚШ ва бир қатор давлатларда террорчи гуруҳ рўйхатига киритилган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчисининг ўлдирилиши дунё давлатлари томонидан турлича қабул қилинди.

АҚШ президенти Жо Байден Насруллоҳнинг ўлдирилишини «одил чора» деб атаган ва Вашингтон Исроилни Эрон дастаклаётган барча гуруҳлардан ҳимоялашда давом этишини таъкидлаган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги бу ҳодисани кескин қоралаган ва Исроилдан Ливандаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилган.

Эрон президенти Масъуд Пизишкиёнга кўра эса, Насруллоҳнинг ўлими қаршилик ҳаракатини янада мустаҳкамлайди.

БМТ ҳамда Франция, Германия каби давлатлар Ливандаги беқарорлик янада кучайишидан хавотир изҳор қилган.

Сўнгги ҳафталарда Исроил ва Ливан чегарасида вазият ўта кескин тус олди.

Исроил армияси Ливан ҳудудига 23 сентябрдан буён йўллаётган авиазарбаларда 1174 киши ҳалок бўлди. Ливан расмий идораларига кўра, ҳалок бўлганларнинг  104 нафари болалар ва 194 нафари аёллардир.

Ўз навбатида, «Ҳизбуллоҳ» ҳам Исроил томон ракеталар учирган.

Жаҳон матбуоти Исроил Ливанга бостириб киришни режалаштираётгани ҳақида ёзмоқда.

Ҳошим Сафиуддин «Ҳизбуллоҳ»нинг янги бош котиби бўлиши мумкин. Фото: Getty Images

Саудиянинг «Al-Hadath» нашри «Ҳизбуллоҳ» ижроия кенгаши раҳбари Ҳошим Сафиуддин ҳаракатнинг янги бош котиби этиб сайлангани ҳақида хабар берди. Марҳум Ҳасан Насруллоҳ билан амакивачча бўлган 60 ёшли Ҳошим Сафиуддин «Ҳизбуллоҳ» амалиётларида ҳаракат ташкил этилган 1982 йилдан буён фаол қатнашиб келади.  У Эрон билан яқин алоқаларга эга экани, хусусан, «Қудс» бўлинмасининг марҳум қўмондони, генерал Қосим Сулаймонийнинг куёви экани айтилади.

Ҳошим Сафиуддин янги бош котиб этиб сайланганини «Ҳизбуллоҳ» масъуллари рад этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг